Ҳид билиш аъзолари

Ҳид билиш аъзолари – одам ва ҳайвонларнинг ҳид сезиш аъзолари. Одамда бурун бўшлиғининг юқори – орқа қисмида жойлашган. Талайгина сут эмизувчилар бурнидаги ҳид билиш қисми бурун бўшлиғи суяк деворининг қўшимча чиғаноғи ҳисобига кенгайган. Судрлиб юрувчилар, баъзан сут эмизувчилар бурун тўсиғида ҳид билиш аъзоларидан бошқа якобсон аъзоси ҳам бор. Балиқларда ҳид билиш аъзолари жуфт бурун ўйиғи ёки қопчиқларидан иборат бўлиб, бошида – оғиз тешиги ёнида жойлашган. Ҳашаротлар ҳидни антенналаридаги сенсиллалар билан сезади. Ҳид билиш аъзоларининг специфик фаолиятини улардаги урчусимон ҳужайра – рецепторлар таъминлайди. Ҳар бир ҳужайрада 2 ўсимта бор: ўсимтанинг узун ва ингичка маркази ҳид билиш нерви таркибига киради; иккинчи ўсимта – периферик қисмдир [периферик қисм умуртқали ҳайвонларда ҳид билув эпителийси юзасида тўногичсимон йўғонлашиб тугайди; буларда бир тутам ингичка (0,25-0,3 мкм) Туклар (узунлиги бир неча ўн мкм) бўлади]. Қуруқликда, сувда яшовчи умуртқалилар ва ҳашаротларнинг ҳид билув туклари без ҳужайралари ажратган шилимшиқ модда билан қопланган. Ҳидли моддалар молекуласи дастлаб сув ёки ҳаводан шу модда – оралиқ муҳитга тушади. Шу тукларда ҳужайранинг ҳидли моддалар молекуласи билан бирламчи ўзаро таъсири амалга ошади.

[addtoany]