Ҳушсизлик

Ҳушсизлик, ҳушдан кетиш – миянинг қон билан таъминланиши бузилиши натижасида қисқа муддат рўй берадиган ҳолат. Руҳий изтироб (қўрқиш, хаяжонланиш), оғриқ (буйрак, жигар оғриғи), ичак санчиғи, офтоб уриши таъсирида, баъзида горизонтал ҳолатдан тик ҳолатга ўтганда ва бошқа(лар)да учрайди. Кўпинча, ўта толиккан, оч қолган, инфекцион касалликлар билан оғриган кишиларда кузатилади. Ҳушсизлик марказий нерв тизими ёки юрак фаолияти бузиганлик белгиси бўлиши мумкин. Ҳушсизлик олдидан беморнинг боши айланади, бўшашади, кўзи тинади, қулоғи шанғиллайди, қўл-оёқлари увушади; баъзан бу ҳолат шу белгилар билан ўтиб кетиши, бемор ҳушини бутунлай йўқотмаслиги ҳам мумкин. Ҳушсизликда беморнинг нафас олиши сустлашиб, кўз қорачиғи тораяди, сўнг кенгаяди ва ёруғликдан таъсирланмайди, пульси заифлашади, танасини муздек тер босади, ранги оқариб, тўсатдан йиқилади. У бир неча сек. дан 1-2 мин. гача, баъзан ундан кўпроқ давом этиши мумкин. Юрак-томир тизимида жиддий ўзгаришлар бўлмаса, ҳушсизлик тезда ўтиб кетади; беморнинг эс-ҳуши, ранги ўзига келиб, пульси ва нафас олиши меъёрлашгани билан бош оғриғи, қувватсизлик, ҳорғинлик аломатлари анчагача давом этиб туради. Бу вазиятда беморни ҳушига келтириш учун у ётган хона соф ҳаво билан шмоллатилади, сиқиб турадиган кийимлари бўшатилади, бош томонини пастроқ қилиб ётқизилади; юзи ва кўкрагига совуқ сув пуркалади ёки сочиқ қўллаб босилади; нашатир спирти ҳидлатилади ва чаккасига суртилади (сирка ёки одеколон суртса ҳам бўлади), оёғига иссиқ грелка қўйилади ёки дағалрок нарса билан ишкланади. Бемор ҳушига келгач иссиқ ширин чой ёки кофе ичирилади. Киши ҳушдан кетганда рўй берганда, албатта, шифокор чақириш керак.

Загрузка...