Ичкилик хумори

Ичкилик хумори – сурункали алкоглизмга мубтало бўлганлар ичкиликдан воз кечганида кузатиладиган «хумор» ҳолати. Сурункали алкоголизмдаги абстинент ҳолати (синдроми). Бу соматовегетатив, неврологик ва руҳий бузилиш аломатлари йиғиндиси (симптомокомплекс) бўлиб, мунтазам равишда спиртли ичимлик ичадиган киши уни ичмай қўйганида кузатилади. Ичкилик хуморида юз ва кўз қизаради, юрак уриши тезлашади, қон босими кўтарилади, юрак соҳасида нохуш сезги, бош айланиши ва оғриғи, терлаш, совқотиш, қўл бармоқлари, бўғим ва мушаклар, шунингдек, меъда ва жигар соҳасида оғриқ, қўл ёки тананинг қалтираши, ич кетиши, чанқаш, кўнгил айниши, қусиш, иштаҳа йўқолиши, ҳолсизлик, уйқу бузилиши каби аломатлар намоён бўлади. Бундай ҳолат маълум бир миқдорда спиртли ичимлик ичилса, йўқолгандек, беморнинг умумий аҳволи яхшилангандек туюлади, лекин бу вақтинча бўлиб, 2-3 соатдан сўнг бу аломатлар яна кўзга ташланади ва киши спиртли ичимлик топишга ва ичишга ҳаракат қилади; у спиртли ичимликни ўзининг жисмоний ва руҳий ҳолатини енгиллаштириб туриш мақсадида бетўхтов ичиб туришга мажбур бўлиб қолади. Бундай тўхтовсиз ёки «ётиб ичиш» бир неча кундан бир неча ҳафтагача ва ҳатто бир неча ойгача давом этади.

Бемор ичкиликбозликдан даволанмай, ичишни давом эттиравергач, ичкилик хумори синдромнинг аломатлари кучайиб, мураккаблашиб унга руҳий касаллик белгилари қўшилади. Унинг кайфиятида тушкунлик, тез ўзгарувчанлик, таъсирчанлик, қўрқоқлик пайдо бўлади, атрофдагилардан шубҳаланиш, гумонсираш, уларга ишонмаслик каби аломатлар, шунингдек, ўз-ўзини айблаш, уйқу бузилиши, ёмон ва қўрқинчли тушлар кўриш, ҳар хил қўрқинч ва ваҳималар кузатилади. Айрим ҳолларда бу синдром ўткир алкогол психозлари — алкогол делирийси (оқ алаҳлаш), алкогол галлюцинози ва бошқа(лар)га ўтиб кетиши мумкин.

Бундай дардга йўликкан бемор наркология шифохоналарида шу соҳа мутахассислари томонидан даволанади.