Идиосинкразия

Идиосинкразия [юн. idios – ўзига хос ва synkrasis – аралашув] – одам организмининг баъзи овқатларга (сут, қулупнай, тухум ва бошқа(лар)) ва дори моддаларга (пенициллин, сульфаниламид дори воситалар, пирамидон, хинин, йод, бром ва бошқа(лар)) ортиқ даражада сезувчанлик ҳолати. Идиосинкразия аллергик ҳолатлардан бири (қ. Аллергия). Идиосинкразиянинг ривожланишида ирсий мойиллик катта роль ўйнайди. У шиллиқ пардаларнинг кизарши, эшакеми тошиши ва бурун, бадан қичишиб ачишиши, ҳарорат кўтарилиши билан намоён бўлади. Оғирроқ ҳолларда нафас қисиши, астмага ўхшаш ҳуружлар, қусиш, ич кетиши мумкин. Бетоблик ҳолати бир лаҳзада ёки бир неча кундан кейин ўтиб кетади. Идиосинкразиянинг ривожланиш механизми аллергик реакциядан фарқ қилиб, бунда антитело ва сенсибиллашган ҳужайралар пайдо бўлмайди; киши ўта сезувчан бўлган модда организмга кириши билан унга жавоб реакцияси вужудга келади. Идиосинкразия пайдо бўлганда уни келтириб чиқарган овқат ёки дориларни тарк этиб, шифокорга мурожаат қилиш керак.

[addtoany]