Идиотия

Идиотия [юн. idioteia – нодонлик], тентаклик, телбалик – туғма олигофрниянинг энг оғир шакли, ақл, нутқ ва тафаккурнинг мутлақ ривожланмаганлиги билан ифодаланади. Она қорнидалигидаёқ бола миясининг ривожланмай келиши идиотияга сабаб бўлади. Беморнинг диккат-эътибори беқарор бўлиб, атрофдаги воқеликни тўлиқ идрок эта олмайди, одатдаги таъсиротларга берадиган жавоблари ҳам номуносиб бўлади. Нутқ эса ғалати товушлар чиқариш ёки айрим оддийгина сўзларни такрорлайвериш билан чегараланади, атрофдагиларнинг сўзларини деярли тушунмайди. Ҳаракатлар ҳам пойма-пой, баъзан эса бир маромдаги оддий ҳаракатларни мунтазам такрорлайверишдан иборат бўлади.

Ҳиссиёт беқарор, оддий эҳтиёжларнинг кондирилиши ёки қондирилмаслигига боғлик бўлиб, бемор салга ғазабланиши, ўзига ёки атрофдагиларга нисбатан тажовуз қилиши ҳам мумкин; у исқирт, тоза ёки ифлос нарсаларнинг фарқига бормайди. Бундан ташқари, уларда бир қанча жисмоний камчиликлар ҳам учрайди. Бундай беморлар атрофдагилар (криндош-уруғлари, яқин кишилари ва даволаш муассасалари хизматчилари) назоратига ва парваришига муҳтож бўлади.

[addtoany]