Ижтимоий психология

Ижтимоий психология – кишиларнинг ижтимоий гуруҳларга бирлашишини, гуруҳий тавсифий, шахснинг руҳий фаолияти ва хулқ-атворини, ижтимоий психологик қонуниятлар, ҳолатлар, ҳодисалар, ижтимоий установка кабиларни тадқиқ қилувчи психология соҳаси. Авваллари ижтимоий психологияда воқелик фалсафий нуқтаи назардан ўрганилиб келинган, лекин шахс, гуруҳ, жамоа муносабатлари қамраб олинмаган. Ижтимоий психология фанига умумий психология, социология, антропология, этика, криминология, фалсафа каби фанлар асос бўлиб хизмат қилган. 19-а. нинг 2-ярмида уни фан сифатида ривожлантиришга илк уринишлар бўлган. Жаҳон жамоатчилиги томонидан ижтимоий психология 1908 й. дан фан сифатида тан олинган. 2-жаҳон урушидан кейинги йилларда АҚШ ва бошқа(лар) мамлакатларда психология муаммолари юзасидан тадқиқотлар ўтказила бошланди. Айниқса, АҚШда Которнинг ўтказган тажрибаси, Э. Меёнинг изланишлари психология бу соҳаси тарихида муҳим роль ўйнади. Бу тадқиқотларга кичик гуруҳлар асосий объект қилиб олинган, тажрибалар эса лаб. шароитида ўтказилган. Бу йўналиш фан сифатида мулоқот, муомала қонуниятлари, шахслараро муносабат, шахсий ва гуруҳий ўзаро таъсир, гуруҳларнинг ички ва ташқи тузилиши, уларнинг турлари, таснифи, оммавий ҳолатлар ва ҳаракатлар, ижтимоий ва миллий онг, менталитет, миллий қиёфа, характер, таъб, анъана, одат, маросим ва бошқа(лар)ни текширади. Ижтимоий психология бир неча соҳаларни ўз ичига қамраб олади: этнопсихология, дин психологияси, оила психологияси, бошқарув (менежмент) ва маркетинг психологияси, кичик ва катта гуруҳ психологияси, модалар психологияси, реклама психологияси, инсонни инсон томонидан идрок қилиш психологияси, амалий ижтимоий психология кабилар. Ўзбекистонда бу йўналишдаги тадқиқотлар, асосан, мустақиллик даврида йўлга қўйила бошланди. Бу ишлар заминида ижтимоий психология соҳаларидан бири – «Оила психологияси» илмий мактаби вужудга келди. Ўзбек оиласининг ижтимоий психологик, этнопсихлогик хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассамлаштирган «Оила психологияси» дарслиги яратилди. Мамлакатда Республика «Оила» илмий-амалий маркази фаолият кўрсатади.

[addtoany]