Интериоризация

Интериоризация [лот. interior – ички] – ташқи реал хатти-ҳаракатларнинг ички ҳаракатларга айланиш жараёни; ташқи ижтимоий фаолиятни ўзлаштириш туфайли одам ички психикасининг шаклланиши. Интериоризация атамасини француз психологлари П. Жане (1859-1947), Ж. Пиаже (1896-1980), А. Баллон (1879-1962) ва бошқа(лар) муомалага киритишган. Э. Дюркхейм асарларида у ижтимоийлашув тушунчаси билан боғлаб берилган. «Интериоризация» тушунчаси инсон фаолияти ва онгининг ўзаро боғлиқлигини, инсон меқнати маҳсуллари билан ўзаро муносабат жараёнида ижтимоий-тарихий тажрибани одам қандай ўзлаштириши мумкинлигини кўрсатади. Сўзлашишга ўрганиш интериоризациянинг муҳим омили ҳисобланади; бунда ҳам аввалги авлодлар тарибасининг умумлашган шаклдаги кўриниши бор. Интериоризация инсонга айни паллада унинг идроки доирасида бўлмаган нарсаларни тимсоллар орқали англаш, фикран ўтмишга, келажакка, маконга ва ш. к. га ўтиш имконини беради. Интериоризация шахс инсоний қадриятларни ўзлаштириши туфайли ҳақиқий инсон психикаси шаклланганлигини кўрсатади.

[addtoany]