Ипохондрия

Ипохондрия [юн. hupochondrion – ковурғлар ости, биқин], ипохондрия синдроми – руҳий ҳолат; ўз соғлиғига ва, умуман, ҳаётига ҳаддан ташқари шубҳа билан караш, бирор касаллиги бўлса, ошириб юбориш ва ўзида йўқ касалликни бор деб билиш. Ипохондрия киши характрининг бир хусусияти ёки энди бошланган бирор руҳий касаллик ифодаси бўлиши мумкин. Ипохондрияда бемор танасининг турли қисмларида бирор хасталикка «тааллуқли» (масалан, қичима, огриқ, тахикардия) нохуш ҳислар сеза бошлайди ва бутун диққатини шунга каратади; шифкорнинг ҳеч қандай касалингиз йўқ деганига ишонмай, бошқа мутахассисга кўрсатади ва уни тезроқ тузатиш чораларини кўришга ундайди. Бу касаллик, кўпинча, ўлим ва тузалмаслик хавфи билан кечади. Ипохондрияда «хасталик» белгилари ниҳоятда турли-туманлиги, ҳақиқатдан йироқлиги билан ажралиб туради ва бунга нисбатан уларда танқид йўқолган бўлади. Беморлар ўта безовта бўлиб, турли соҳа врачлари, табиблар ва ҳ. к. га мурожаат этади, ўзларидаги «хасталик» белгиларини ниҳоятда кўпиртириб кўрсатади, тезроқ тузатиш тадбирларини кўришга кистайди, йиғлайди ва ҳ. к. Кўпинча, улар ўзларини хавфли ўсма (рак), сил, оқ қон (лейкоз), юрак касалликлари билан оғриган қилиб кўрсатишади. Ипохондрия шилқимлик, депрессив, параноял ва параноид синдромлари кўринишида кечади. Ипохондрия невроз, шизофрения ва ҳ. к. касалликларда учрайди.

[addtoany]