Иқлимга мослашиш

Иқлимга мослашиш, иқлимлатириш – организмларнинг янги ҳаёт шароитига мосланиши ва ривожланишнинг барча босқичларини ўтаб, яшовчан авлод бериши. Иқлимга мослашиш деганда организмнинг фақат бошқа иқлим шароитига эмас, балки янги биоценозга мослашиши ҳам тушунилади. Иқлимга мослашиш 2 йўл билан боради: 1) организмларда моддалар алмашинувининг ўзгариши, бундай ўзгариш (модификация) авлодга ўтмайди ва организмдаги реакция термаси билан чекланади. Модификацияда популяция ёки турнинг генетик структураси ўзгармайди; 2) турнинг генетик структураси ўзгариши (ҳақиқий иқлимга мослашиш). Турнинг генетик структуравий белгиловчи ва иқлимга мослашишга сабабчи омил табиий танланишдир. Организмлар янги ҳудуд ёки жойга кўчирилганда ёки яшаш шароити ўзгарганда (масалан, ўрмон дарахтлари кесилганда, йўлларга сув чиқарилганда ёки ботқоқлик қуритилганда) И. м. юз беради. Бундай ҳолларда баъзи организмлар бошқа жойга ўтади ёки нобуд бўлади, бошқалари эса янги шароитга мослашади, яъни иқлимлашади. Бу жараён одамга ҳам хос. Одамлар илгари ўзлари яшаган жойларидан мутлақо бошқа ҳудудларга кўчиб ўтиб, унга фаол равишда мослашадилар, яъни адаптация юз беради.

[addtoany]