Ишлаб чиқариш санитарияси

Ишлаб чиқариш санитарияси – санитариянинг бир бўлими; соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини таъминлашга қаратилган санитария-соғломлаштириш чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва ҳаётга татбиқ этади. Касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, корхона ва у жойлашган ҳудудда санитария-гигиена меъёрларига бекаму кўст риоя қилиш, ишчи-хизматчиларнинг иш жойларини ёритиш, иситиш, шамоллатиш (вентиляция) ва ҳ. к. нинг гигиена талаблари даражасида бўлишини таъминлаш масалалари билан шуғулланади. Булардан ташқари, и. ч. омиллари, масалан, ҳаводаги чанг, кимёвий моддалар миқдори, шунингдек, вибрация кучи, шовқин ва ҳ. к., шунингдек, ҳарорат, намлик ва бошқа(лар)нинг маромида бўлишини назорат қилади. Корхона кўрилиши ва и. ч. га топширилишигача бўлган жараёнларда санитария меъёрлари ва гигиена қоидаларига асосланган ҳолда иш юритади. Ишчи-хизмачиларга зарарсиз ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, и. ч. да хавфсизлик техникасининг замонавий воситаларини қўллаш корхона раҳбарияти зиммасида бўлиб, улар давлат томонидан белгиланган махсус меъёрларга асосланган ҳолда иш кўришлари талаб этилади. Корхона, муассаса, ташкилотларнинг гигиена нормларига, санитария-гигиена қоидалари ва бошқа(лар)га қандай риоя қилинаётганлиги устидан давлат санитария назорати органлари, асосан, соғлиқни сақлаш идоралари ва вазирликлари, шунингдек, касаба уюшмалари ҳамда техника ва ҳуқуқ меҳнат инспекциялари назорат қилади.

Загрузка...