Истеъмол меъёрлари

Истеъмол меъёрлари – аҳолининг сиҳат-саломатлигини таъминлаш ва иш қобилиятини сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат ва хизматларни истеъмол қилишнинг миқдорий меъёрлари (ўлчами, ҳажми, ва бошқалар). Истеъмол меъёрлари аҳоли истеъмолини энг мақбул даражага келтириб, инсон камолотини таъминлашга хизмат қилади, микдоран ўлчаш мумкин бўлган товарлар ва хизматларга нисбатан ишлатилади. Ҳар бир мамлакатда иқтисодий ҳолат, табиий-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда илмий текшириш муассасалари томонидан максимум ва минимум истеъмол меъёрлари тарзида ишлаб чиқилади. Максимум истеъмол меъёрлари энг кўп истеъмол этиш меъёри бўлиб, инсон шахсини ҳар томонлама камолоти учун, энг кўп истеъмол чегараларини белгилайди. Озиқ-овқат истеъмолига нисбатан физиологик меъёрлар қабул қилинган бўлиб, бу инсоннинг қандай меҳнат фаолияти билан шуғулланиши ва қаерда яшашидан қатьи назар, қандай озиқ-овқатлар турларини қандай миқдорда истеъмол этишини билдиради. Бу меъёрлар тиббиёт нуқтаи назаридан қаралиб, инсон овқатланишдан бир кечаю-кундузда 3200-3400 килокалорияга тенг энергия олишини ва бунга маълум миқдорий нисбатдаги маҳсулотлар (масалан, оқсил, ёғ, витамин ва карбонсувлар) истеъмоли орқали эришишни кўзда тутади. Бунда ҳаддан ташқари кўп ва кам истеъмол қилиш инсон соғлиғига зарарли эканлиги инобатга олинади. Истеъмолнинг қуйи меъёри инсон учун зарур минимал истеъмолдан келиб чиқади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ишлаб чиққан меъёр бўйича бу кўрсаткич 2300 килокалорияга тенг. Умуминсоний меъёрлар мамлакатлар, минтақалар ва ҳудудлардаги табиий шароит ва истеъмол кўникмаларини ҳисобга олиб, аҳолини ёшига, иш характерига қараб табақалаштирилади. Бу меъёр масалан, Хитойда 2150, Ўзбекистонда 2500 калория қилиб белгиланган. Истеъмол меъёрлари аҳоли ёшига қараб табакалашганда 16 дан катта ёшлилар 1 шартли истеъмолчи бўлсалар, болалар 0,2, 0,3, 0,5, 0,7, 0,9 истеъмолчи деб қабул қилинади, шунга қараб махсус меъёрлар белгиланади. Ноозиқ-овқат товарларига истеъмол меъёрлари белгиланмади, чунки уларни табиий ўлчами йўқ, уларнинг истеъмоли дид, мода ва даромадга қараб тез ўзгариб туради. Аммо коммунал хизматларига нисбатан истеъмол меъёрларини қўллаш мумкин, бунда жон бошига қанча электр энергияси, иссиқлик, газ, сув истеъмол этилиши ҳисобга олиниб, бу рсурелар истеъмолининг оптимал бўлиши кўзда тутилади. Истеъмол меъёрлари тоталитар-режали тизимда кенг қўлланилиб, табиатан якка истеъмолчи бир қолипга солиш, истеъмолни тенглаштиришга қаратилган. Бозор иқтисодиётида истеъмол меъёрлари мўлжал сифатида бўлиб, бозор талаби қандай чегарада ўзгариши мумкинлигини билдиради.

[addtoany]