Жинсий совуқлик, фригидлик – сексуал таъсиротга жавобан эротик ҳиснинг сустлиги (қ. Сексология). Жинсий совуқлик деганда аёллар хулқ-атворидаги хатти-ҳаракатлар, жумладан, жинсий майлнинг сусайиши ва жинсий қониқиш – хуш ёқиш (оргазм) сезгисининг айниши тушунилади. Жинсий совуқликнинг бир неча хили тафовут қилинади: бирламчи (конститционал) – жинсий совуқлик жинсий майлнинг норасолиги туфайли юзага келади; ретардацион Ж. с. – сексуал ҳиснинг ёшга мос ҳолда ривожланмайди; психоген Ж. с, бунда бу касалликка психик омиллар сабаб бўлади; симптоматик Ж. с. – асабий, руҳий ёки бошқа бирор касаллик натижасида рўй беради; эндокрин сустликка жинсий безларнинг кам-кўстлиги ёки эндокрин касалликлар (диабет, гипотиреоз, Базедов касаллиги) сабаб бўлади; генитал-рецептив фригидлик – жинсий аъзоларнинг жиддий касалликларида кузатилади; жинсий дикомфорт – аёлнинг жисмоний ёки руҳий ожизлиги туфайли рўй беради; Фригидликнинг аралаш хили юқорида келтирилган омилларнинг турли кўринишлари туфайли содир бўлади. Жинсий совуқликни даволаш, кўпинча, яхши натижа беради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сексопатолог шифокор билан маслаҳатлашиб, унинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.
[addtoany]