Жинсий тарбия

Жинсий тарбия – болалар, ўсмирлар ва ёшларда жинс масалаларига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириб боришга қаратилган тиббий ва педагогик тадбирлар тизими; тарбия жараёнининг муҳим қисми. Жинсий тарбия шахснинг жисмоний, ақлий, маънавий ва эстетик ривожланиши билан бевосита боғлиқ. Жинсий тарбиянинг асосий вазифаси ёш авлоднинг яхши ўсиб-уншига, зурриёт бериш фаолиятини бекаму кўст қилиб шакллантиришга, никоҳ ва оилани мустаҳкамлашга ёрдам беришдан иборат. Жинсий тарбияни болаларнинг ёши, жинси ва малакасиз мос тушадиган қилиб олиб бориш зарур. Кўплар жинсий тарбияни балоғат ёшида бошлаш керак деб ҳисобланади. Бу нотўғри, чунки бунга тааллуқли айрим масалаларни боланинг ёшлигидан бошлаб ҳал қила бориш керак. Кўпгина ота-оналар жинс масаласини муҳокама қилиш одобдан эмас деб ўйлаб ёшларни қизиктирадиган масалалар тўғрисида сўзлашмасликни лозим кўришади. Натижада, болалар атрофдагилардан, кўпинча, тасодифий манбалардан кўр-кўрона маълумотлар олиб, ўзларини кизиқтирган мавзулар юзасидан аксари нотўғри тасаввурга эга бўлиб қоладилар. Аввало, ёшлар жинс орасидаги тафовутлар, улар жинсий аъзоларининг тузилиши ва моҳияти ҳақида тасаввурга эга бўлишлари лозим. Буни мактаб ёшидан бошлаган маъқул. Маълумки ўсмирлик даврига келиб гормонал ўзгаришлар, балоғатга етиш, жисмоний етилиш туфайли қарама-қарши Жинсга қизиқиш пайдо бўлади. Худди шу даврда улар жинсий аъзоларнинг анатомик ва физиологик хусусиятларидан бохабар бўлишлари лозим.

Жинсий тарбия жараёнини шартли равишда бир нечта боскичга ажратиш мумкин. Мактабгача тарбия ёшидаги болаларга оддий гигиена малакалари ва юриш-туриш қоидаларини ўргатиб бориш, организмни чиниктириш муҳим, чунки уларнинг жинсий жиҳатдан ривожланиши умумий жисмоний ривожланишига боғлик. Болалар тарбияси ва парваришида баданнинг эроген зона деб аталадиган (қ. Жинсий ҳаёт) жойлари таъсирланмаслигига эътибор бериш, уларга ноқулай, тор кийим кийгазмаслик, гижжа касалликлари бўлса, вақтида даволатиш зарур. Шу ёшдаги болаларда, одатда, рўзғор ишларига қарашиш истаги пайдо бўлади, отоналар бу истакни рағбатлантириб туришлари, ўғил болалардан кизларга ёрдам беришни талаб қилишлари лозим. Болада жавобгарлик, бурч, бошқаларга меҳр-муҳаббат ва ҳурмат билан қараш ҳиссини шакллантириб бориш муҳим. Болалар уйда бирор иш, мактабда эса тайинли бир вазифа билан банд бўлиши жинсий тарбияда муҳим аҳамиятга эга. Балоғатга етиш давридаги жинсий тарбия, биринчи галда, шу даврда ўсмирнинг организм ва шахсиятида бўладиган ўзгаришларни ҳисобга олиши лозим. Қизлар 12-14 ёшда, ўғил болалар эса 13-15 ёшда ўсмирликка қадам қўйишади, бу даврда уларнинг ички дунёси бойиб, эндокрин безлари, айниқса, жинсий безларининг фаолияти кучаяди, аста-секин жинсий майл уйғона бошлайди (қ. Балоғатга етиш). Балоғатга етиш жараёнида жинсий онг қарор топа бошлайди. Оналар шарқона феълимиздги кон-конига ўтиб келаётган орият туйғуси, авлодларнинг шаънини пок сақлаш йўлидаги андиша туйғуси қизлар учун жавоҳирлардан ҳам юксакрок эканлигини йўл-йўлакай ўгириб боришлари лозим. Қизларни маънавий камол топтириш учун улар руҳиятига масъулик, бурч, уят, меҳрибонлик, фидойилик, вафо фазилатларини сингдириб боришлари даркор. Шунингдек, иффат, виждоний поклик, номус, ҳаё қизлар табиатига хос фазилат эканлигини тушунтириб қўйиш муҳим. Балоғат ёшидаглар бу даврдаги гигиена масалалари тушунчларини тасодифий ўртокларидан эмас, балки ота-оналари, педагоглар ва мактаб врачларидан олишлари муҳим. Хусусан, бу даврда келарди ҳайз кўришга, ўғил болаларни эса ихтилом бўлиб туришга тайёрлаш, бу физиологик ҳодисалар табиий ҳол эканлигини, улар бошланганида қандай гигиена қоидаларига амал қилиш кераклигини кизларга онаси, ўғилларига отаси ёки яқин кишилари тушунтириб бериши керак. Ёшлар ўзларида пайдо бўлиб борадиган алланечук истакларни ҳамиша ҳам жиловлаб ололмайди, қарама-қарши жинсдаги ўз тенгқурлари олдида энди ўзларини ноқулай ҳис қиладиган бўлишади. Мана шу даврда ёшлар ўзларини кизиқгирадиган ишлар билан банд бўлса, кўнгли одамларга хайрихоҳлик билан тўлиб-тошиб турса, уларда жинс масалаларига одатдан ташқари қизиқиш пайдо бўлмайди. Шу боис ёшлардаги ижодий майлларни, кўп қиррали қизиқишини тарбиялаб бориш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини тарғиб қилиш ниҳоятда муҳим. Чунки жисмоний тарбия ва спорт ёшларнинг ортиқча куч-куввати ва вақтини банд қилиб, организмнинг ҳар томонлама камол топишига, бақувват бўлишига ёрдам беради (қ. Жисмоний тарбия). Ота-оналар ва педагоглар ёшларни ҳурмат қилиб, уларнинг фикрлари билан қизиқишлари ва ўртоқлашишлри лозим. Одам жисмонан ва руҳан балоғатга етганидан кейин чин муҳаббат пайдо бўлади. Бундай муҳаббат ўзаро ҳурмат, дунёқараш ва кизикишларга ҳамоҳанг бўлса инсоннинг ҳаётини бойитади ва мустаҳкам оила кўриш учун негиз яратади.

[addtoany]