Жон – инсоннинг ички дунёси тўғрисидаги қарашларни ифодаловчи тушунча. Бу тушунча тарихан ўзгариб турган. Келиб чиқиши инсон ва ҳайвон танасида яшайдиган, уйқу вақтида ёки ўлган вақтда танадан чиқиб кетадиган алоҳида куч ҳақидаги ибтидоий тасаввурларга бориб тақалади. Ибтидоий одамларнинг тасаввурида жон қандайдир моддий нарса (соя, қон, нафас) деб қаралган. Диний тушунчаларга кўра, жон – қандайдир жисмсиз, ўлмайдиган, танадан мустақил ҳолда яшай оладиган номоддий кучдир. Киши танида бўлганда унга ҳаёт бахш этади, у ҳеч қачон ўлмайди, уни худо ато қилади ва худо қайтиб олади. Сўнг нариги дунёда абадий яшайди. Туш кўриш ҳам жоннинг танадан вақтинча кўчиши билан изоҳланади. У ҳақидаги фикрлар Шарқ фалсафасида ҳам кенг тарқалган. Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд талимотларида у инсон танаси билан узвий боғлиқ ҳолда талқин этилган. Форобий уни танадан мустақил ажратиб қўйишни, уни танадан танага кўчиб юради, деган таълимотни танқид қилди.
Коинотнинг ёппасига жонлилиги ғояси (гилозоизм) одамий жон ҳақидаги таълимотнинг асоси бўлди (Платон, неоплатонизм). Аристотель уни тирик танадан ажралмайдиган, фаол мақсадга мувофиқ ибтидо («шакл») деб билган. Пантеистик қарашларда у ягона руҳий сустанциянинг алоҳида кўриниши саналади. Декартнинг дуалистик метафизикаси жон ва танни икки мустақил субстанцияга ажратади. Ҳоз. замон психологиясида жон ғайришуурийликни билдирадиган тушунча сифатида ишлатилади.
[addtoany]