Кардиоспазм

Кардиоспазм [юн. kardia, бу ерда – меданинг кириш қисми ва спазм], карди ахлазияси, френоспазм – қизилўнгачнинг меъдага кириш қисми – кардининг торайиб қолиши. Нерв-мушак фаолиятининг издан чиқиши, қизилўнгачнинг рефлектор дисфунцияси ва бошқа(лар) сабаблар натижасида юзага келади. Кардиоспазмда қизилўнгачдан овқат лукмасининг ўтиши қийинлашади (қилтомоқ), унинг юқори бўлимлари (торайган жойидан кейинги қисми) кенгаяди, тўш соҳаси орқасида оғриқ сезилади, кекириш ва ҳ. к. кузатилади. Қизилўнгачнинг кенгайган қисмида овқат туриб қолиб айниганда, унинг шиллиқ қавати яллиғланади (эзофагит); жараён баъзан қизилўнгач деворининг ҳаммасига, ҳатто атрофидаги ҳужайраларга ҳам тарқалиши мумкин. Натижада чандиқ ҳосил бўлиб, стеноз рўй беради. Касаллик, асосан, 20-40 яшар аёл ва эркакларда учрайди.

Давоси: кардиоспазмнинг дастлабки даврида консерватив даво: овқатланиш маромига риоя қилиш, спазмга қарши ва тинчлантирувчи дорилар буюрилади. Касаллик зўрайиб, беморнинг аҳволи оғирлашаверса, жарроҳлик усули қўлланилади.

[addtoany]