Катаракта

Катаракта [юн. Katarrhaktes – шаршара] – кўз гавҳарининг хираланиши. Бунда кўзга тушаётган ёруғлик йўлларининг йўли қисман тўсилиб қолиб, кўз баъзан кўрмай қолади. Кўз гавҳарининг қайси қисми хиралашганига қараб, катарактанинг қуйидаги турлари фарқ қилинади: олд ва орқа поляр, халтали (гавҳарни ўраб турган капсулада бўлади), ядроли (гавҳарнинг марказида бўлади), урчуқсимон, қаватли ёки зонуляр, тўлиқ плёнкасимон, кўп шаклли, пўстлоқ катарактаси (гавҳарнинг периферик қавтига тушади). Кўз гавҳарида хираланишнинг бошланиши бирламчи катаракта дейилса, гавҳарнинг ядроси ёки катаракта массалари олингандан сўнг пайдо бўлган хираланиш иккиламчи дейилади.

Катаракта туғма ва ҳаётда орттирилган бўлади. Она қорнида ривожланаётган ҳомилага турли ташқи (заҳарланиш, гипо ва авитаминоз, нурланиш) ва ички (она ва боланинг резус келишмовчилиги) муҳитларнинг салбий таъсири, ҳомиладорлик вақтида онанинг турли касалликлар, айниқса, юқумли касалликлар билан оғриши, шунингдек, наслдан-наслга ўтувчи ирсий касалликлар туғма катарактага сабаб бўлади. Бунда гавҳарнинг хиралашиши жуда секин ривожланиши мумкин, айрим беморларда умр бўйи ўзгармайди.

Организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, қанд касаллиги, шунингдек, умумий касалликлар, кўз шикастланишлари ва касалликлари, яқиндан кўришнинг оғир шакли, юқори ҳароратда узоқ ишлаш, турли заҳарли моддалар ва ионлаштирувчи нурлар таъсирида орттирилган катаракта юзага келади. Орттирилган касалликнинг қарилик, травматик ва асоратли (глаукома, иридоциклит, қанд касаллиги ва бошқа(лар)нинг асорати сифатида) турлари бор. Орттирилган катарактада вақт ўтиши билан кўз гавҳари бутунлай хиралашиб қолади. Қариликдаги катаракта аста-секин ривожланади, у кўпроқ 55-60 ёшдан ошганларда учрайди. Қариликдаги катарактанинг бошланиш, етилмаган, етилган ва етилиб ўтиб кетган босқичлари фарқ қилинади, унинг етилган даври ҳаммада ҳар хил, бу одатда, беморнинг умумий аҳволи ва ёшига боғлиқ. Операция муддатини белгилашда касалликнинг етилган босқичи муҳим. Хасталикда дастлаб беморнинг касал кўзи олди жимирлаб, нуқта, чизиқ ва доғлар пайдо бўлади; ёниб турган лампа, шар ёки фонарга шу кўз билан қараганда, у бир нечта бўлиб кўринади. Бу – нотекис хиралашган кўз гавҳарининг нур синдириш хусусияти бузилиши оқибатида рўй беради. Кўзнинг хира тортиши унинг бошқа касалликларида ҳам кузатилади, шунинг учун, албатта, шифокорга мурожаат этиш ва касалликни ўз вақтида аниқлаш лозим. Дорилар билан даволанади ёки микрохирургия, ультратовуш ёки лазер нурлари ёрдамида операция қилиб хиралашган кўз гавҳари олиб ташланади.

Загрузка...