Операция

Операция (тиббиётда) – тўқима ва аъзолардаги касаллик жараёнига хирургнинг аралашуви. Бунда операцион жароҳат вужудга келтирилади (қонли операция), баъзан махсус механик усуллар татбиқ этилади (қонсиз операция, масалан, чиққан суякни солиш, синган суяк бўлакларини бир-бирига тўғрилаб қўйиш). Кўпинча, даволаш, баъзан эса диагностика мақсадида (масалан, биопсия, пункция, лапаротомия) қилинади.

Режали ва кечиктириб бўлмайдиган (зудлик билан қилинадиган) операция тафовут қилинади. Режали О. дан олдин бемор синчиклаб текширилади ва амалиётга тайёрланади (масалан, меъда яраси, раки, сурункали аппендицит, катарактада). Касаллик ҳолати беморнинг ҳаётига таҳдид қилиб турганда (меъда яраси тешилганда, чурра қислиб қолганда, ичак буралганда ва бошқа ҳолатларда) кечиктириб бўлмайдиган О. қилинади.

Операция характери жиҳатдан радикал ва паллитив турларга ажратилади. Радикал О. да патологик жараён бартараф қилинади (касаллик ўчоғи ва ҳатто бутун аъзо олиб ташланади). Патологик жараён оқибатида келиб чиққан касаллик симптомини бартараф қилиш паллиатив О. нинг вазифасидир. Тиклаш О. лари алоҳида ўрин тутади.

[addtoany]