Киста [юн. kistis – пуфак] – турли аъзо ва тўқималарда вужудга келадиган, қалин девор билан ўралган ва ичида суюқ ёки бўтқасимон масаси бўлган патологик бўшлик. Киста, кўпинча, тухумдонда, турли қаватларда, жигар, буйрак, ўпка, ҳатто бош мияда учраши мумкин. Безли аъзолар секрет чиқарув йўлларининг беркилиб қолиши натижасида келиб чиқадиган димланиш (ретенцион киста); тўқималар шаклланишининг бузилиши оқибатида пайдо бўладиган туғма киста (ўпка, жигар, буйрак ва бошқаларда); томир ёки без ўсмасидан иборат бўлиб, ичига сув тўпланиши туфайли кистага айланадган ўсмасимон К. (каверноз ангиома); шикастланиш натижасида эпителий силжиши ва тагидаги тўқимага киришидан ҳосил бўладиган травматик(масалан, кўз рангдор пардаси К. си), шунингдек, гижжалар (эхионококк цистицерк) нинг тўқима ва аъзоларга жойлашиб олишидан вужудга келадиган паразитар ва бошқа хил К. лар бор.
Тухумдон К. си кўп учрайди. У хавфсиз ўсма бўлиб, Грааф пуфакчалари ёрилмай қолиши сабабли фолликул деворлари секин-аста кенгайиб, унда суюқлик тўпланиши натижасида вужудга келади. Пуфакчаларда банд (оёқча) бўлиб, агар у буралиб қолса, қорин тўсатдан қаттиқ оғрийди. Киста ёнғоқдек, баъзан олмадай бўлиши мумкин. Кистаси бор аёл мунтазам шифокор назоратида туриши лозим. У йиринглаши, атрофидаги тўқималарни сиқиб қўйиши ёки хавфли ўсмага айланиши мумкин. Дори-дармонлар билан уни йўқотиб бўлмаса, операция қилиб олиб ташланади.
[addtoany]