Климакс

Климакс [юн. Klimakter – зинапоя], климактерия даври – жинсий фаолиятнинг сусайиб, кексая бориш даврига ўтиш палласи. Аёлларда хам, эркакларда ҳам кузатилади. Климакснинг юзага келиши жинсий безлар фаолиятининг сусайиши билан бирга организмда вақтинча рўй берадиган ўзгаришларга асосланган. Климаксда аёлларнинг ҳайз кўриши ўзгаради; гипоталмус — гипофиз – тухумдон парда функционал ўзгаришлар вужудга келади. Ҳайз қони тўтаб-тўхтаб келади, баъзан кўп ва узоқ кетиб, ниҳоят, бутунлай тўхтайди (менопауза). Юрак-томир ва нерв тизимининг фаолияти бузилади: бошига қон кўп келиб, юзи қизаради, бадани аввал қизиб, кейин жунжийди ва совуқ тер босади, ҳаллослайди, қулоғи шанғиллади; аёл салга қўзғалувчан ёки маъюс бўлади, хотираси пасаяди, сабабсиз бетоқат бўлади, боши оғрийди, уйқуси бузилади ва ҳ. к. Баъзан юраги ўйнайди, юрак соҳасида оғриқ сезилади. Климаксда пайдо бўладиган аломатлар организмнинг умумий ҳолатига боғлиқ. Кўпчилик аёлларда сезиларсиз ўтиши, бу уларнинг умумий аҳволига таъсир этмаслиги ҳам мумкин. Бу давр оғирроқ кечганида қалқонсимон без фаолияти (юрак ўйнаши, қўл қалтираши) ва моддалар алмашинувининг бузилиши (аёл семириб ёки жуда озиб кетади), руҳий изтироб, ҳаяжонланиш, невроз, психопатия ва бошқа ҳолатлар кузатилади.

Бу жараён, одатда, 45-50 ёшларда бошланади, у одатдагидан эртароқ (40 ёшгача – эрта климакс) ёки кечроқ (55 дан кейин – кечиккан климакс) рўй бериши ҳам мумкин. Бу меҳнат, турмуш тарзи, иқлим шароити ҳамда ирсий хусусиятларга, шунингдек, аёлнинг етуклик даври қандай ўганлигига (аборт, тутиш, жинсий ҳаёти ва бошқа(лар)) боғлиқ. Климакс даврини ўтказаётган аёл баъзан бўйида бўлиб тутиши ҳам мумкин.

Эркакларда климакс бир кадар кечроқ – 60 ёшларда кузатилади; нейро-гуморал ўзгаришлар, юрак соҳасида оғриқ, хотира ва иш қобилиятининг пасайиши, уйқусизлик ва бошқа(лар) нохуш аломатлар пайдо бўлади. Климакс, эркак ёки аёл организмида кечишидан қатьи назар, унга хос дастлабки аломатлар пайдо бўлиши билан шифокорга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш зарур.

Давоси: меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, мириқиб ухлаш, сув муолажалри, бадан тарбия; дори-дармонлар – гормонлар, витаминлар ва бошқа(лар) буюрилади.

[addtoany]