Контузия

Контузия [лот. contusio – лат ёйиш] – зарба натижасида шикастланиш; бутун аъзои бадан (ёки тананинг кўп қисми) лат еганда организмнинг умумий шикастланиши. Контузия кўпроқ ҳавода ёки сувда кучли портлаш рўй берганда юзага келадиган қаттиқ тўлқин таъсирида пайдо бўлади: Қаттиқ нарса билан урганда, заранг ерга йиқилган да, қаттиқ калтаклаш натижасида (кўз контузия си), атмосфера босими ва вибрациянинг кескин ўзгаришларида хам бу ҳолат кузатилади. Маҳаллий ва умумий, шунингдек, енгил ва оғир контузия фарқ қилинади. Унинг асосий белгиси марказий ва периферик нерв тизимининг зарарланиши, эс-ҳушнинг йўқолишидир. Контузия енгил кечганда одам карахт бўлиб, қисқа муддатга (бир неча мин. та), оғир контузияда бутунлай ва узоқ вақт (соатлаб ва ҳатто суткалаб) ҳушини йўқотади, ҳатто кома вужудга келади, аксари юрак ва нафас фаолияти бузилади, ички аъзоларга путур етади, амнезия рўй беради. Контузияга йўлиққан бемор ўзига келгач, кучли бош оғриғи ва бош айланишидан безовталанади, ҳеч нарса эшитмайди, гапира олмайди (қ. Гунглик). Бу ҳолат 1-4 кундан 1-2 ҳафтагача давом этиб, кейин барча аломатлар ўтиб кетади ёки унинг айримлари (толикиш, уйқусизлик, қизиққонлик, иштаҳа йўқолиши каби астеник синдром белгилари) сурункали тус олади. Бош мия К. сида мия чайқалишида учрайдиган белгилар билан бир қаторда фалажланиш, сезувчанликнинг бузилиши, ҳаракат мувозанатининг ўзгариши ва ҳ. к. кузатилади. Бемор дарҳол касалхонага ётқизилади ва тинч шароит яратилади, унинг аҳволи ва жароҳатланиш жараёнига қараб зарур дори-дармонлар буюрилади; зарурият бўлса, операция қилинади.

[addtoany]