Косметика

Косметика [юн. kosmetike – пардоз қилиш, безат санъати] – кишилар қиёфасини хушрўлаштириш чора-тадбирлари ҳамда воситалари мажмуи. Косметика жуда узоқ тарихга эга. Милоддан 200 й. аввал Мисрда пардоз учун хар хил материаллар ва дори-дармонлардан фойдаланишган.

Пардоз воситалари тайёрлаш сир-асрорлрини факат табиблар билган. Косметика 19-а. га келиб илмий жиҳатдан ривож топди ва бора-бора тиббиёт ходимлари қўлига ўтиб, тери, соч ва тирноқлар парвариши, бадандаги туғма ва кейин пайдо бўлган ҳар хил камчиликларни йўқотиш билан тиббиётнинг махсус бўлими – косметология шуғулланадиган бўлди. Косметика шартли равишда гигиеник, врачлик ва пардоз косметика сига бўлинади. Гигиеник косметика одамнинг табиий гўзаллигини сақлаб қолиш, тери касалликларининг олдини олиш ва унда юзага келадиган нуқсонларни бартараф этиш муложаларини амалга оширади. Юз терисини тўғри парвариш қилиш (юз терисини вақтида тозалаб туриш, массаж қилиш ва ҳ. к.), косметик воситалар (упа, ёғупа ва бошқа(лар))дан билиб фойдаланиш, унга турли ажинлар тушиб, барвақт сўлиши, шунингдек, ҳуснбузар, сепкил тошиши, ҳар хил доғлар тушиши каби нохушликларнинг олдини олади. Юз терисини тозалаш зарурлиги ёки бунга ҳожат йўқлигини факат косметолог врач ҳал қилади.

Врачлик ёки даво косметикаси терини парвариш қилиш, унинг турли нуқсонларини йўқотиш, соч, оғиз бўшлиғи, тирнокларни парваришланинг гигиеник ва даво тадбирларини ўз ичига олади. Тери барвақт сўлишининг олдини олиш ва даволаш учун косметолог шифокор маслаҳати билан массаж, маска, лосьонлар, озиқлантирувчи кремлар, физиотерапевтик усуллар қўллаш тавсия этилади. Тери жуда бўшатиб, осилиб қолган ва кўп ажин тушган бўлса, жарроҳлик усули қўлланади. Врачлик косметикаси жуда қуруқ ёки ёғли тери, сепкил, соч касалликлари (қ. Соч), ҳуснбузар, себореяни даволаш, хунук хол, чандиқ ва татуировкаларни, юздаги туғма ва шикастланиш натижасида ҳосил бўлган нуқсонларни йўқотиш чораларини ҳам кўради.

Пардоз косметикаси ёрдамида нуқсонлар (чандиқ, хунук хол) беркитилади. Косметик воситалардан тўғри фойдаланиб, лаб, кўз, қулоқ кўринишларини хушрўй қилиш мумкин. Косметикадан хабарсиз кишилар маслаҳати билан ҳар хил крем, лосьон ва бошқа(лар) пардоз буюмларини билар-билмас ишлатавериш ярамайди. Бу вақтидан илгари ажин тушишига олиб келиши мумкин. Шу боис косметолог шифокор маслаҳатларига қатъий амал қилиш керак.

Загрузка...