Кўриш анализатори – одам ва ҳайвонларда кўриш таъсиротлари ва ахборотларни қабул қилиб, идрок этадиган ва таҳлил қилиб берадиган мураккаб нейророцептор тизим; асосий анализаторлардан бири. Кўриш анализатори 3 қисмдан иборат: рецептор ёки периферик, ўтказувчи йўллар ва кўриш маркази ёки марказий қисм.
Кўриш анализаторининг биринчи қисми тўр пардада жойлашган. Инсон кўзи 380 дан 760 нм гача бўлган узунликдаги ёруғлик нурларини қабул қилади. Кўзга тушаётган ёруғлик нурлари шох пардада синади, қорачиқ орқали ўтиб, гавҳарда синиб, шишасимон танадан ўтиб тўр пардада жойлашган колбачасимон ва таёқчасимон ҳужайраларга таъсир этади. Бу ҳужайраларда ёруғлик энергияси нерв қўзғалиши – импульсга айланиб, мультиполяр ва ганглиоз ҳужайраларга, нерв толаларига етиб боради. Ўтказувчи йўллар эса тўр пардадан бошланиб, кўриш нерви, хиазма, кўриш тракти ва бош мия пўстлоқ ости марказидан иборат. У ердан марказий нейрон бошланиб, кўриш йўллари бош миянинг энса бўлагидаги пўстлоқ қисми – кўриш анализаторининг марказига етиб боради ва шу жойда кўриш содир бўлади.
Кўриш анализаторининг фаолияти марказий нерв тизимининг назорати остида бошқарилади.
[addtoany]