Ўтказувчи йўллар

Ўтказувчи йўллар, бош ва орқа миянинг ўтказувчи йўллари – марказий нерв тизимидаги нерв толалари; тузилиши ва вазифасига кўра ягона морфлогик-функционал тизимга бирлашган. Ўтказувчи йўллар ташқи ва ички муҳит таъсиротларини мия ҳужайраларига (сезувчи йўллар), унда пайдо бўлган жавоб реакциясини ишчи аъзоларга етказади (ҳаракатлантирувчи йўллар). У. й. нинг кўп қисми (узун йўллар) орқа мия орқали бош мия пўстлоғига ва, аксинча, пўстлокдан орқа мияга, ундан аъзоларга давом этади. Калта йўллар эса бош мия соҳасида чегараланади. Вазифасига қараб нейронлар учта асосий гуруҳга бўлинади: а) қабул қилувчилар сезувчи (афферент); б) бажарувчи (эфферент); в) туташтирувчи оралиқ нейронлар ўртасида амалга оширилади. Уларнинг ҳужайралари орқа ва бош миянинг пўстлоғидаги кулранг моддасида, нерв толалари эса уларнинг оқ моддасида жойлашган.

1. Мия пўстлоғи билан орқа мия ўртасидаги (пирамидал) йўл – ҳаракатлантирувчи йўл бўлиб, таъсиротлар эфферент толалар бош мия марказ олди пуштасидан орқа мия кулранг моддасига ва у ердан нерв толалари орқали ишчи аъзоларга боради. Бу ўтказувчи (эркин ҳаракатни) йўл икки нейрондан иборат.

2. Бош мия пўстлоғи билан мия поясидаги ядролар ўртасидаги йўл ҳам икки нейронли, биринчи нейрон мия пўстлоғидан бошланади, ички капсуладан ўтиб, бош мия нервлари (III, IV, V, VI, VII ва IX—XII жуфт) ядроларида тугайди. Иккинчи нейронлар эса ана шу нерв ядроларидан III, IV, V, VI, VII ва IX—XII жуфт бош мия нервлари бўлиб чиқади.

3. Қизил ядро билан орқа мия ўртасидаги йўл – бу йўл ўрта миядаги қизил ўзакдан бошланиб орқа мияни олдинги шохига ва мушакларга борадиган икки нейронли ҳаракатлантирувчи йўлдир. Бу йўл тана мушакларининг автоматик ишлашини бошқаради.

4. Орқа мия тутуни билан бош мия пўстлоғи ўртасидаги оғриқ ва ҳароратни ўтказувчи йўл уч нейрондан иборат. Бу ўтказувчи йўлларнинг нейронлари, орқа мия тугуни, орқа миянинг кулранг моддаси, кўрув бўртиғи ва бош миянинг марказ орқа пуштасида жойлашган.

5. Орқа мия тугуни билан бош мия пўстлоғи орасидаги чуқур сезгиларни ўтказувчи йўл мушак ва бўғимлардан бошланувчи нерв охирлри орқали сезгиларни қабул қилувчи уч нейронли йўлдир, нейронлари орқа мия тугуни, узунчоқ мия, кўрув бўртиғи ва бош миянинг марказ орқа пуштасида жойлашган.

6. Орқа мия билан мияча орасидаги олдинги ва орқа йўллар суяк, бўғим ва мушаклардан иборат бўлиб, орқа мия билан мияча ўртасидаги олдинги ҳамда орқа йўллар орқали мувозанатга боғлиқ сезгиларни ўтказади. Миячадаги ҳаракатни тартибга солиб турувчи мураккаб рефлекс йўллар мушаклар ишини бир меъёрда тутишни, мувозанатни, мушаклар товушни назорат қилиб туради. Орқа мия билан кўрув дўмбоғи ўртасидаги йўл тананинг муаллақ ҳолатини таъминлайди. Кейингиси эшитув ва кўрув йўллари (яна қ. Бош мия, Кўрув дўмбоғи, Мияча, Орқа мия).

Загрузка...