Кўриш аъзолари – одам ва ҳайвонларнинг ёруғ сезадиган аъзолари. Барча умуртқали ва кўпчилик умуртқасиз ҳайвонларда бўлади. Кўп ҳужайрали ҳайвонлар кўриш аъзоларининг асосий элементи сезгир ҳужайралар – фоторецептолар ҳисобланади. Уларнинг периферик (четки) учи ёруғликни қабул қилади. Фоторецепторлар умуртқали ҳайвонларда қадаҳча ёки таёқча шаклида. Кўриш аъзолари кўпчилик ҳайвонларнинг бошида жойлашган бўлиб, кўриш нервлари орқали бош мия билан боғланган. Оддий кўриш аъзолари эпителий ҳужайралари орасида жойлашган айрим кўриш ҳужайраларидан иборат (масалан, ёмғир чувалчанглари). Оддий кўриш аъзолари фақат ёруғликни сезади, буюмларни фарқ қилмайди. Эволяция жараёнида тарқоқ кўриш ҳужайралари бир жойга тўпланиб, тери остига ботиб кириши, пигмент экранлари, ёруғликни синдириб тўр қаватга туширадиган, аккомодацияловчи, кўзни ҳаракатлантирувчи, уни муҳофаза қилувчи ва бошқа(лар) мосламалар пайдо бўлиши туфайли кўриш аъзолари мукаммаллашиб борган. Айрим бўшлиқичллар, тубан чувалчанглар, бир ҳужайралиларда К. а. оддий кўз доғларидан иборат. Кейинчалик кўриш доғлари такомиллаша бориб, пуфаксимон ёки кадаҳсимон шаклга киради (баъзи бўшлиқичлилар ва моллюскаларда), пуфак ёруғлик синдирувчи дирилдоқ шишасимон тана билан тўла бўлади. Кўпчилик бўғмоёқлиларнинг К. а. фасеткали кўздан иборат. Фасеткали кўз нарсалар шаклини фарқ қилади. Одамлар ва умуртқали ҳайвонлар, баъзи умуртқасизлар (бошоёқли моллюскалар) кўзи, айниқса, яхши ривожланган бўлиб, камерали кўзлар дейилади (яна қ. Кўз).
[addtoany]