Кўз касалликлари

Кўз касалликлари – кўз соққаси, қовоқ, конъюнктива, кўз ёши аъзолари ва кўз косаси касалликлари. Яқиндан ва узоқдан кўролмалик, кўз астигматизми ҳам кўз касалликларига киради. Кўз касалликлари туғма ва ҳаётда орттирилган, юқумли ва юқумсиз, ўткир ва сурункали, битта ёки иккала кўзда бўлади. Организмнинг умумий касалликлари: инфекцион (сил, захм, ревматизм, грипп, дифтерия, тифлар ва бошқа(лар)), паразитар (ҳар хил гельминтлар, масалан, эхинококклар қўзғатадиган), эндокрин (қандли диабет ва ҳ. к.), қон томир (гипертония касаллиги ва бошқа(лар)) касалликлари, қон касалликлари (лейкоз ва ҳ. к.), ўсмалар (рак, саркома ва бошқа(лар)), марказий нерв тизими касалликлари (менингит, мия ўсмаси), шунингдек, бурун бўшлиғидаги патологик жараённинг атрофга тарқалиши кўз касалликларига сабаб бўлади. Кўзга инфекция тушиши, механик, кимёвий (кислота ва ишқорлар) ва физик омиллар (иссиқлик, ёруғлик, радиоактив нур)дан шикаст етиши ҳам кўз касалликларига олиб келади. Глаукома, трахома каби касалликларда, кўз оғир шикастланганда ва куйганда, кўриш нерви атрофиясида киши вақтида даволанмаса, кўр бўлиб қолиши мумкин. Кўз касалликларининг пайдо бўлиш сабаблари, Давоси ва олдини олиш масалаларини офтальмология ўрганади.

[addtoany]