Кўз шикастланиши

Кўз шикастланиши – кўзнинг турли жисмлар (тош, қум, цемент, оҳак, металл, ёғоч, шиша, кўмир ва ҳ. к.)дан шикастланиши.

Бунда кўз ачишиб оғрийди, кўп ёш оқади ва бемор ёругликка карай олмайди. Кўзнинг шикастланиши, асосан, 3 турли бўлади: жароҳат, лат ёйиш ва куйиш. Кўзни шикастловчи жисмлар катта, ўртача ва майдароқ, ўткир ва ўтмас, қаттиқ, суюқ ва нур шаклида; улар мих, пичоқ, қайчи, вилка, ўтин, таёқ, тараша, ёй каби учи ўткир кесувчи нарсалар бўлади. Майда жисмлар кучсиз урилса, кўзни тешиб ўтмайдиган жароҳатларга олиб келади. Ёт жисм кўзга қаттиқ тегса, шох парда ёки кўз окини тешиб кўз ичига кириши, айрим ҳолларда кўз соққасини тешиб чиқиб кетиши мумкин. Кўз соққаси оғир шикастланса, ўз шаклини йўқотади. Кўз жроҳатларида конъюнктива остига ва кўзнинг ичига қон қўйилади (гифема, гемофтальм). Кўз ичига ёт жисмнинг кириши ва оғир шкастланишлар оқибатида кўз кўрмай қолади.

Ўтмас нарсаларнинг тегишидан кўз лат сйиши, унинг ташқи ва ички қисмларида оғир ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин. Кўзнинг пардалари ва ичига қон қўйилиши, шишиши натижасида кўриш хиралашади. Улар сурилган, кўриш яхшиланади, баъзан эса тўр парданинг шикастланиши кўрликка олиб келади.

Кўзнинг куйиши термик, кимёвий ва темокимёвий бўлади. Кислота ва ишқорлардан кўриш аъзоларининг олдинги қисми, қовоқ териси, шиллиқ ва шох пардалар куйиши мумкин. Кўз соққасининг ичига кимёвий моддалар кириши оғир асоратларга олиб келади. Иш жараёнида ультрабинафша, инфрақизил, рентген ва бошқа(лар) нурлар кўзга зарар етказади. Ўт очувчи турли қуроллардан ҳам кўз жароҳатланади.

Кўз шикастланганда дарҳол умумий амалиёт врачига ёки кўз врачига мурожаат қилиш зарур. Кўз шикастланишининг олдини олиш учун ҳимоя кўзойнак тақиш, иш жойи гигиена ва хавфсизлик техникаси қоидаларига мос жиҳозланиши зарур.

[addtoany]