Криотерапия

Криотерапия [крио… ва терапия] – совуқ билан даволаш; бирор аъзони музлатмайдиган даражада совитиш. Криотерапия оғриқ қолдириш, яллиғланишни камайтириш, қон тўхтатиш ва шишни йўқотиш чораси ҳисобланади.

Муз босиш, совуқ сувга ҳўлланган чойшабга ўраш қадимдан даво сифатида қўлланилиб келади. Ўт пуфаги, чувалчангсимон ўсимта (апендикс), меъда, меъда ости бези ва бошқа(лар) аъзолар яллиғланганда, бадан лат еганда, суяк сиганда музли халта қўйилади. Бурун қонаганда, ўпка, меъда, ичакдан қон кетганда тегишли соҳага музли халта босилади. Тана ҳароратини сунъий йўл билан тушириш – гипотермия юрак, йирик Томирлар, бош мияни операция қилишда татбиқ этилади. Криотерапиянинг муҳим бўлимларидан бири – криохирургияда касал аъзо ёки тўқималарни совитиш йўли билан емирилади ёки олиб ташланади. Бунинг учун хлорэтил ёки криоген асбоб ишлатилади. Булар ёрдамида хар хил даражадаги паст ҳароратга эришиш мумкин. Ҳозир криоапликатор, криоэкстрактор каби аппаратлар қўлланади.

[addtoany]