Ку иситма

Ку иситма, куриккетсиоз, Австралия касаллиги, Ўрта Осиё иситмаси, Термиз иситмаси – риккетсия микроорганизмлари қўзғатадиган юқумли иситмали касаллик. Касаллик биринчи марта 1933-35 й. ларда Австралиянинг Queensland – Квисленд штатида аниқланган (номи шундан). Қорамол, қўй, ит, от, туя, чўчқа ва ёввойи парандалар, ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар ва одам касалланади. Бунда, асосан, ўпка зараланиб, иситма чиқади. Касаллик қўзғатувчиси (Rickettsia bumeti) кокк ёки таёқча шаклидаги риккетсия. Табиатда бу касаллик чақирувчиси каналар, кемирувчилар организмида сақланиб, касаллик улар озуқаларни ифлослаши ёки қон сўриши пайтида юқади. Касал ҳайвондан риккетсия сут, сийдик, ахлат орқали ташқи муҳитга чиқади. Одамга касал ҳайвон сутини қайнатмай истеъмол қилганда, гўшт маҳсулотлари орқали ёки кана чаққанда юкади. Касаллик кўпроқ чорвадорларда, ферма ва кушхона ходимларида учрайди. Клиник белгилари – касалликнинг яширин даври 8 кундан 4 ҳафтагача давом этади. Қисқа муддатли иситма кўтарилиши, иштаҳа йўқолиши, шиллиқ пардалар қизариши, бўғоз ҳайвонларда мастит, вагинит ва бола ташлаш, эркак ҳайвонларда орхит кузатилади. Ташхис клиник, эпизоотологик, эпидемиологик ҳолатга қараб қўйилади ва қон зардбини текшириш билан тасдиқланади.

Даволаш: антибиотиклар (хлортетрциклин, террамицин, тетрациклин, левомицетин) берилади.

Олдини олиш: яйлов даври пайтида ҳайвонлар каналарга қарши ва молхоналар кмирувчиларга қарши дезинфекция қилинади. Касалликка гумон қилинган ҳайвонларни тана ҳарорати ўлчанади. Қони текширилади, касаллик аниқланса, тегишли тадбирлар ўтказилади.