Лавша [scorbutus], цинга, скорбут, Барлоу касаллиги – овқат таркибида С витамин (аскорбин кислота) етишмаслигидан ёки уни организм етарли ўзлаштирмаслигидан келиб чиқадиган касаллик. Лавшада, асосан, марказий нерв тизими фаолияти бузилади: бемор бўшашади, тез толиқади, уйқучан бўлиб қолади. Боши айланади, кейинроқ бориб қулоқ, бурун, лаб, бармоқлар ҳамда тирноқлар кўкарди; милк шишади ва қонайди, оғиздан бадбўй ҳид келади, тишлар лиқиллаб туша бошлайди. Болдир, сон ва думбада қизғиш қорамтир тошмалар пайдо бўлади, кейинроқ тери ости ва мушак ораларига (кийим тегиб турадиган жойларда) қон қўйилади. Булардан ташқари, аъзолар, бўғимлар ва тана бўшлиқлари (плевра бўшлиғида қон қўйилади, меъда-ичак, юрак-томир тизими фаолияти бузилади, қон босими пасаяди, анемия кузатилади. Лавшанинг олдини олиш учун таркибида С витамин мўл маҳсулотлар, хусусан, сабзавот (сабзи, картошка, карам) ва мевалар (қора смородина, наъматак, қулупнай) еб турилади. Давоси: аскорбин кислота, С ва Р витамин препаратлари буюрилади.
[addtoany]