Лизогения [лиз… ва юн. geneia – келиб чиқиш, яратиш] – ҳужайра ичида нопатоген (касаллик пайдо қилмайдиган) профаг шаклда мавжуд бўладиган бактериофаг билан бактриялар ўртасидаги симбиотик муносабатлар. Лизогения назариясининг асосий қоидалари 1950 й. да А. Львов томонидан ишлаб чиқилган. Профаг сақловчи ҳужайралар лизоген ҳужайралар, улар популяциясининг фаг заррачалари ҳосил қилиш хусусияти эса лизогенлик дейилади. Лизогенлик бактерия штаммларининг доимий хусусияти бўлганидек лизоген ҳужайраларнинг фақат айрим популяциялари профагни йўқотади. Профаг туфайли лизоген ҳужайралар бир қанча янги белгилар, масалан, бактериофаг билан қайта зарарланмаслик хусусиятига эга бўлиб қолади. Иммунлик лизоген профаг ДНКси назоратида синтезланадиган, фагларнинг вегетатив кўпайишини бошқариб турадиган фаглар генлари экспрессиясига тўсқинлик қиладиган респрессор оқсилнинг ҳужайрада мавжудлиги билан боғлик. Бактерияларнинг фақат лизогензациялаш жараёнида кузатиладиган ўзгарувчанлик тили лизоген конверсия деб аталади. Лизогения бактериялардан ўзгарувчанлик ва ирсиятнинг кўпчилик масалаларини ўрганиш учун қулай модел ҳисобланади.
[addtoany]