Лямблиоз

Лямблиоз [Lambliosis] – лямблиялар қўзғатадиган инвазион касаллик. Одамларда лямблиозни Lamblia intestinalis кўзғатади. Лямблияларнинг ҳаракатчан (вегетатив) ва ҳаракатланмайдиган (писта) шакллари бор. Касаллик манбаи лямблиялар билан зарарланган киши ҳисобланади. Лямблиялар соғлом одамнинг меъда-ичак йўлига тушиб, ингичка ичакда кўпаяди ва унинг шиллиқ пардасини зарарлайди. Улар ингичка ичакдан йўғон ичакка ўтиб (бу ер улар учун ноқулай шароит ҳисобланади), ўз ҳаракатини йўқотади ва пиёдаларга айланади. Улар нажас билан ташқарига чиқади. Лямблия цисталри ташқи муҳитда яхши сақланади. Касаллик лямблия тушган овқат (айниқса, мева ва сабзвотлар) истеъмол қилинганда ва сув ичилгада, шунингдек, кир қўл ва рўзғор буюмлари орқали юқади. Турли географик минтақаларда катта ёшдаги аҳоли орасида 5-12 % ҳолларда нажасда писта топилади. Лямблиоз аксари болаларда учрайди. Клиник белгилари зарарланган аъзога қараб ҳар хил бўлади. Кўпроқ ичак ва ўт йўллари зарарланади. Баъзан касаллик аломатлари рўйрост кўринмай, энтерит, холецистит ва ҳ. к. билан бирга кечиши ҳам мумкин. Текшириш чоғида нажасдан лямблияларнинг цистаси, ўт (сафро)дан унинг вегетатив шаклларини топиш мумкин. Лямблиознинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Давоси: касалликнинг кечишига қараб трихопол, фуразолидон, аминахинол ва бошқа(лар) буюрилади. Ўзбекистонда лямблиознинг турли жиҳатлари проф. Н. А. Деҳқонхўжаева томонидан чуқур ўрганилган.

[addtoany]