Меҳнатга қобилиятсизлик – меҳнат қилиш қобилиятининг йўқолиши ёки меҳнатга яроқсизлик. Одатда, касаллик, бахтсиз ҳодиса, уй-рўзғор юмушлари, и. ч. (қ. Касб касалликлари), ҳомиладорлик, тугаш, кексалик ва бошқа(лар) сабабларга кўра, киши меҳнат қобилиятини йўқотади. Доимий ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тафовут қилинади. Доимий меҳнатга қобилиятсизлик – ногиронликдир. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўлиқ ёки қисман бўлиб, қисқа муддатда меҳнат қобилияти тикланиши мумкин. Вақтинча тўлиқ меҳнатга қобилиятсизликда бирор ишга қобилият йўқолади ва бемор уйда даволанади. Соғайгач, яна ишини давом эттираверади. Қисман вақтинча меҳнатга қобилиятсизликда бемор одатдаги ишни бажара олмайди, аммо соғлигига путур етмаган ҳолда бошқа ишни бажариши мумкин. Вақтинча М. қ. ни шифокор белгилайди ва меҳнатга қобилиятсизлик варақаси (ишдан озод қилиш ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа олиш ҳуқуқини беради) ёки ишдан ва ўкишдан озод қиладиган маълумотнома бериб расмийлаштиради. Касаллик ёки и. ч. ва Турмушда юз берадиган бахтсиз ҳодисалар оқибатида М. қ. нафақа тайинлашда, иш шароитини белгилаш, солиқ тўлаш, маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан турли имтиёзлар беришда асосий омил ҳисобланади.
[addtoany]