Касб касалликлари

Касб касалликлари – ёмон меҳнат шароитлари ва касбга алоқадор зарарларнинг организмга таъсири натижасида пайдо бўладиган касалликлар. Касб касалликларининг кечиши унга сабаб бўлган зарарли омилларнинг ўзига хослиги, кучи, давомийлиги ва уларнинг биргаликдаги таъсирига боғлик. Бу хасталиклар ишлаб чиқаришнинг зарарли омилларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Касб касалликларининг физик (касбга алоқадор карлик, вибрация касаллиги, нур касаллиги, кессон касаллиги, баландлик касаллиги ва бошқалар), биологик (инфекцион ва паразитар касалликлар: бруцеллёз, куйдирги) ва кимёвий омиллар таъсирида (қ. Заҳарланиш), баъзи чанглар узоқ вақт нафасга олингада (пневмокониоз, бронхит ва бошқалар), шунингдек, жисмоний зўриқканда ёки шикастланганда (неврит, бурсит) вужудга келадиган турлари фарқ қилинади. Касб касалликларининг келиб чиқишига организмнинг ўта толиқиши ва касалликка қарши кураша олиш фаолиятининг пасайиши ҳам сабаб бўлади.

Ўзбекистонда касб касалликлари рўйхати ва тегишли тавсияномалар ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ишлаб чиқариш технологиясининг такомиллаштирилиши, иш жараёнларини комплекс механизациялаш ва автоматлаштиришнинг кенг жорий этилиши, меҳнат ва дам олишнинг меъёрида ташкил қилиниши, зарарли корхоналарда қисқартириган иш куни белгиланиши туфайли бу ҳасталиклар камайиб бормокда. Касб касалликларини олдини олиш, даволаш, меҳнат муҳофазасини ташкил қилиш ишлари билан Ўзбекистон Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий текшириш институти шуғулланади.

Загрузка...