Мигрень [франц. migraine], мия оғриғи, гемикрания – ўқтин-ўқтин тутадиган бош оғриғи. Аксари аёлларда учрайди. Касалликка, асосан, қон томир тонусини бошқариб турадиган нерв ишининг бузилиши, кўпинча, оилада ва наслда қон томир касаллигига берилувчанлик сабаб бўлади. Мигрень аксари балоғатга етиш даврида кузатилади. Касаллик хуружи, одатда, асабийлашиш натижасида ёки ўта чарчаш оқибатида рўй беради. Хуружнинг тутиш муддати, унинг оғир-енгиллиги ёш улғайиши билан ўзгаради. Бу – турмуш тарзига, меҳнат ва дам олиш тартибига риоя этмаслик, мунтазам овқатланмаслик, чекиш, шовқин, равшан ёруғликка, хтин-қизларда эса ҳайз циклига боғлиқ. Хуруж олдидан бемор, кўпинча, ташналик, очикиш сезади, кайфияти ўзгаради, мудроқ босади ва ҳ. к. Оғриқ тутганда кўз олди живирлаб, ҳар хил нарсалар кўринади.
Мигреньда, одатда, ҳар доим бошнинг ўнг ёки чап ярми (кўпинча, чакка қисми) оғрийди, бош айланади, ёруғликка қарай олмайди, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади, шундан кейин оғриқ бироз босилади.
Мигрень хуружи 2-3 соатдан бир неча суткагча чўзилиши мумкин. Ҳуружлар ўртасидаги даврда бемор бутунлай соғлом бўлади. Мигреньнинг михча (асинергия ва бошқа(лар)) ва кўзга алоқадор (дилопия, птоз) хиллари бор.
Давоси: қон томирларни кенгайтирувчи, оғриқ қолдирувчи препаратлар, шунингдек, физиотерапия ва игна санчиб даволаш буюрилади. Бемор шифокор назорати остида даволаниши лозим.
[addtoany]