Митоз

Митоз [юн. mitos – ип], кариокинез – эукариот ҳужайраларнинг бўлиниб кўпайиш усули. Митоздан олдин ҳужайра бўлинишга тайёргарлик даври (интерфаза)ни ўтади. Интерфазда ДНК, оқсил, АТФ синтез бўлади. Натижада хромосомалардаги ДНК миқдори икки ҳисса ортади (қ. Хромосомалар). Бу жараён репликация дейилади. Митоз 4 фаза: профаза, метафза, анафаза, телофазадан иборат. Профазада хромосомалар спираллашиб, йириклаша бошлайди; ядро мембранаси ва ядроча емирилиб, хромосомалар цитоплазмага тарқалиб кетади. Профаза охирида центросомалар ҳужайра қутбларига жойлашиб олади; улар ўртасида микронайчалардан иборат ахроматин ипчалар пайдо бўлиб, бўлиниш дуки ҳосил бўлади. Метафазада хромосомаларнинг спираллашиб йўгонлашуви давом этади. Метафаза охирида хромосомалар ҳужайра марказида бўлиниш ўқи экваторида жойлашиб олади. Бу фазада ҳар бир хромосома 2 та хроматиддан иборат бўлиб, улар центромераси орқали ўзаро бириккан, хроматидлар эса бўлиниш дуки ипларига илашган бўлади. Анафазада хроматидлар ўртасидаги боғланиш узилиб, ҳар бир хромосома 2 та мустақил хроматидга ажралади. Ахроматин ипчаларнинг қисқариши туфайли хромосомалар қарама-қарши қутбларга таркала бошлайди. Телофазада хромосомалар қутбларга жойлашади; спирали ёйилиб улар яна узун ипчалар – хроматидлар шаклига киради ва ёруғлик мкроскопда кўринмайдиган бўлиб қолади; ядроча қайта тикланади; ядро мембранаси ҳосил бўлади. Цитоплазма ўртасида ботиқлик пайдо бўлиб, чуқурлаша бориши ва ҳужайранинг тенг иккига бўлиниши билан телофаза тугаллниб, яна қайтадан интерфаза бошланади. Митозда содир бўладиган жараёнлар нерв тизими ҳамда буйрак усти бези, гипофиз, қалқонсимон без, жинсий безлар ва бошқа(лар) секреция безлари ишлаб чиқарадиган гормонлар орқали нейрогуморал тизим томонидан бошқарилади. Митознинг кча-кундузлик мароми муҳитдаги кеча-кундуз давомида содир бўлиб турадиган ўзгаришлар ва организмлар фаоллиги билан боғлик. Митознинг давомийлигига ҳужайранинг ўлчами, ядронинг плоидлиги, атроф муҳит шароити (хусусан, ҳарорат) таъсир қилади. Митоз ҳайвон ҳужайраларида 30-60 мин., ўсимлик ҳужайраларида 2-3 соат давом этади. Митознинг биологик аҳамияти бўлинишга киришган дастлабки она ҳужайра хромосомаларининг бўлинишдан кейин ҳосил бўладиган иккита янги қиз ҳужайралар ўртасида тенг тақсимланишидан ва битта ҳужайра бўлиниб, унга айнан ўхшаш иккита ҳужайранинг вужудга келишидан иборат. Митозда организмнинг ўсиши ва ривожланиши, шикастланган ҳужайраларнинг тикланиши, ўлган ҳужайралар ўрнига янги ҳужайралар ҳосил бўлиши таъминланади. Баъзан митоз тугалланмай қолиши туфайли кўп ядроли – полиплоид ҳужайралар пайдо бўлади ёки политен хромосомалар вужудга келади (яна қ. Мейоз, Амитоз, Эндомитоз).

[addtoany]