Мейоз [юн. meiosis – камайиш] – ҳужайра ядросининг хромосомалар сонининг 2 марта камайиши (редукция) орқали борадиган бўлиниши. Жинсий кўпаядиган ўсимлик ва ҳайвонлар учун хос (қ. Жинсий кўпайиш). Мейоз – ирсият ва ўзгарувчанликнинг асосий механизми. Мейоз уруғ ва тухум ҳужайра ҳосил қилувчи ҳужайралар – спермацит ва овоцитларнинг кетма-кет икки марта бўлиниши (1- ва 2- мейоз)дан иборат. Ҳар бир мейоз бўлиниш митоз сингари 4 фаза: профаза, метафаза, анафаза, телофазадан иборат. 1-М. профазасида гомолог хромосомалар конъюгацияси (ўзаро чалкашуви) ва кроссинговер (гомологик хромосомалар ўхшаш қисмлари ўртасида генлар алмашинуви) содир бўлади. Шундан сўнг митоз профазасидаги сингари хромосомалар спираллашуви бошланади; ядро мембранаси ва ядроча емирилиб, бўлиниш дуки ҳосил бўлади. 1-М. метафазасида гомологик хромосомалар бир-биридан ажралади ва ахроматин ипчаларга илашиб қарама-қарши кўчаларга тарқалади. 1-М. телофазасида хромосомалар спирали ёйилади; ядро мембранаси ва ядроча шаклланади; ҳужайра бўлиниб, хрмосомаларнинг гаплоид тўпламига эга бўлган ҳужайралар ҳосил бўлади. 1-М. бўлинишдан сўнг ҳосил бўлган ҳужайралардаги хромосмаларнинг ҳар қайсиси 2 талай хроматидга эга бўлади. Ҳужайралар 2-М. га киришишидан олдин интерфаза бўлмаганлиги туфайли хромосомалар сони ошмайди. Қисқа интерфазадан сўнг ҳужайраларнинг 2-М. бўлиниши бошланади. 2-М. ҳам 4 та фазадан иборат. 2-М. телофазасида ДНК янги ҳосил бўлган ҳужайралар ўртасида тенг тақсимланганидан хромосомалар сони 2 ҳисса камаяди. Хромосомалар сонининг 2 ҳисса камайиши билан поёнига етадиган бу жараён редукцион бўлиниш дейилади. Орга-низмлар ҳаёт циклида (қ. Ҳаёт цикли) 3 хил мейоз кузатилади. Одам, барча кўп ҳужайрали ҳайвонлар ва айрим тубан ўсимликлар жинсий аъзоларида (қ. Уруғдон, Тухумдон) борадиган гаметали, яъни терминал (учки) мейозда гаметалар ҳосил бўлади (қ. Гаметогенез). Уруғ ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши сперматогенез, тухум ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши овогенез дейилади. Кўпчилик замбуруғлар ва сувўтлада уруғланган тухум ҳужайраланиб бўлиниб, гаплоид зооспоралар ҳосил қилиши зигота мейоз и. дейилади. Юксак ўсимликларнинг жинсий аъзоларида гаплоид спораларнинг ҳосил бўлиши (спорогенез)дан иборат жараён спора мейоз и., яъни оралиқ мейоз дейилади. Мейоз ота ёки она организм хромосомалари ҳосил бўлган жинсий ҳужайралар (қ. Гаметалар) ўртасида тенг тақсимланади. Гаметалар ота-она организмлари ирсий белгиларини ташувчилар ҳисобланади. Жинсий ҳужайраларнинг қўшилиши натижасида ҳосил бўладиган зиготада хромосомаланинг диплоид тўплами тикланади. Зиготада эркак ва урғочи организм ирсий белгилари мжассамлашган бўлади.
[addtoany]