Нефрит

Нефрит [юн. nephros – буйрак] – буйрак тузилмаларининг яллиғланиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Нефритга гломерулонефрит, пиелонефрит, тубулоинтерстициал, ирсий, нефротик синдром ва бошқа(лар) киради. Нефрит ривожланишига бир қанча патоген микроорганизмлар (бактерия, вируслар), организмнинг совқотиш, иммун етишмовчиликлар ва бошқалар сабаб бўлади. Нефрит, асосан, иммун тизим билан боғлиқ касаллик. Касалликнинг ривожланиш механизмига кўра, иммунбирикмали ва аутоиммун турлари тафовут қилинади. Биринча ҳолда, антиген-антитело бирикмаси қонда ҳосил бўлиб, бошқа аъзо ва тўқималар билан бир қаторда буйракда ҳам йиғилади ва уни шикастлайди. Аутоиммун нефритда эса буйракда тузилма элементларига қарши аутоантителолар ҳосил бўлади, улар ушбу элементларга бирикиб яллиғланишни юзага келтиради. Касаллик кечишига кўра, ўткир, ўртача ўткир, хавфли, тез ривожланувчи ва сурункали хилларга ажратилади. Ўткир нефрит, кўпинча, йилнинг совуқ фаслларида учраб, шиш, қон босимининг ошиши, пешоб миқдорининг камайиши, унда оқсил, эритроцитлар учраши каби клиник аломатлар билан кечади. Ўртача ўткир, хавфли ва тез ривожланувчи нефрит нисбатан кам учрайди, касалликнинг бу турларида ўлим жуда юқори. Сурункали Н. вақт-вақти билан зўрайиб туради ва касалликнинг ҳамма белгилари намоён бўлиши билан кечади.

Давоси. Парҳез, пешоб ҳайдовчи, иммун тикловчи ва бошқа(лар) дори-дармонлар буюрилади. Организмдаги инфекция ўчоқлари аниқланиб, даволанади. Айрим оғирроқ ҳолларда «сунъий буйрак» аппаратидан фойдаланилади. Буйрак фаолиятини тиклаш иложи бўлмаганда бморга соғлом буйрак кўчириб ўтказилади (қ. Трансплантация). Сурункали Н. билан оғриган беморлар доимий шифокор назоратида бўлиши учун рўйхатга олинади.

Нефритнинг олдини олишда организмни чиниқтириш, стрептококкли тонзиллит, фрингит каби ўткир юқумли касалликларни ўз вақтида аниқлаб даволаш, узоқ вақт совукда қолмаслик лозим.

[addtoany]