Нерв бошқарилиш – нерв тизимининг ҳужайра, тўқима, аъзоларга улар фаолиятини организм эҳтиёжи ҳамда ташқи муҳит ўзгаришига мувофиқ ҳолда уйғунлаштирувчи таъсири. Кўп ҳужайрали организмлар ўз ҳаётий жараёнлари (ўсиш, ривожланиш, ташқи омиллардан таъсирланиш ва ҳ. к.)да бир бутунлигини намоён этади. Буни бир нечта бошқарувчи механизмлар, айниқса, ҳайвонларда муҳим аҳамиятга эга бўлган нерв бошқарилиш таъминлайди. Нерв бошқарилиш натижасида ҳужайра, аъзолар фаолияти тўхташи, кучайиши, секинлашиши, функционал ва биокимёвий ҳолати, тузилиш хусусиятлари ўзгариши мумкин. Нерв тизими йўқ кўп ҳжайралилар (ўсимлик, ҳайвон эмбриони ва блутлар)да фаолиятлар ҳужайраларнинг ўзаро таъсири (ионли, метаболитик) орқали тартибга солинади. Бир ҳужайра фаолияти бошқа ҳужайрада ҳосил бўлган моддалар алмашинуви маҳсулоти билан бошқарилади (қ. Гуморал регуляция). Бирон-бир ҳужайра мембранасида вужудга келган қўзғалиш баъзан ҳужайрадан ҳужайрага ўтиши мумкин. Шу тариқа ҳайвонларнинг эволюция жараёнида, асосан, 2 хил уйғунлаштирувчи механизм – нерв бошқарилиш ва гормонал бошқарилиш пайдо бўлган. Шунга кўра, 2 хил модда – гормонлар ва медиаторлар ажратилади. Гормон бутун организмга қон билан тарқалгани сабабли гормонал бошқарилиш кенг доирада секин, нерв бошқарилиш эса тор доирада тез амалга оширилиши мумкин. Нерв бошқарилиш тез таркалувчи нерв импулъси таъсирида нерв учида ҳужайраларга тўғридан-тўғри медиаторлар ўтиши туфайли содир бўлади. Нерв бошқарилиш билан гормонал бошқарилиш ўртасида кескин чегара йўқ, чунки баъзи нерв учлари фаол моддаларни қонга ажратади (қ. Нейросекреция). Нерв бошқарилиш тезлиги ва қандай доирада ўтиши ҳаракатни бошқаришда катта аҳамиятга эга, шунинг учун такомиллашган локомоцияли организмлар нерв тизими яхши ривожланган. Эволюция жараёнида Н. б. юқори даражада тузилган ҳайвонларда етакчи бошқариш механизмига айланиб, фақат ҳаракатланишни эмас, балки организмнинг бошқа ҳамма тизимларни хам қамраб олган.
[addtoany]