Оитсга қарши кураш маркази

Оитсга қарши кураш маркази – республика миқёсидаги илмий-амалий муассаса. Илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 1987 й. 13 авг. даги 1124-сон буйруғига асосан Тошкент ш. да Республика СПИД ташхис маркази ва Самарқанд ш. да ташхис лаб. и ташкил этилиб, 1988 й. дан республикамизнинг барча маъмурий ҳудудларида СПИД ташхис лаб. лари очилган ва 1989 й. дан бошлаб улар бир марказга уюшиб, ушбу марказ «Республика ОИТСга карши кураш маркази» деб номланган.

Марказнинг ҳудудий бўлинмаларида бошқариш у-н ташкилий-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш; ОИВ инфекциясининг тарқалиши ва касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, унга тўғри ташхис қўйиш, уни даволаш чора-тадбирларини олиб бориш; ОИВ инфекциясининг тез тарқалиш омилларини таҳлил этиш бўйича махсус эпидемиологик кузатувларни ташкил этиш; ОИВ билан яшаётган шахсларга юқори малакали шифокорлар тмонидан мунтазам тиббий назоратни ташкиллаштириш ва уларнинг ишга лаёкатлилигини сақлаб қолиш; ОИВ/ОИТС ва бевосита ушбу касалликлар билан боғлик бўлган беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволашни амалга оширувчи муассасалари услубий ёрдам кўрсатиш; миллат генофонди ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистонда ОИВ/ОИТСга карши қўлланилаётган ташхис ва даволаш-профилактика услубларининг самарадорлигини баҳолаш ҳамда таҳлил қилиш; хорижий мамлакатлардаги ОИВ/ОИТСга тўғри ташхис қўйиш, унинг профилактикасини амалга ошириш ва даволашнинг инсон саломатлиги учун салбий таъсир кўрсатмайдиган услубларини ўрганиш ҳамда тажрибаларини таҳлил этиш ва бошқа(лар) марказнинг асосий вазифаларидан саналади. Шунингдек, ОИВ тарқалишига карши кураш масалалари бўйича тиббиёт ходимлари ва мутахассисларнинг малакаларини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чора-тадбирларини кўришни ҳам ўз олдига мақсад қилиб кўйган.

Марказда 4 фан д-ри ва проф., 8 фан номзоди ва доц., 66 нафар олий ҳамда юқори тоифали шифокор фаолият кўрсатади (2015). Оитсга қарши кураш маркази ходимлари томонидан ҳоз. гача қарийб 500 та илмий мақола, тезис, қўлланма, услубий кўрсатма ва тавсиялар чоп этилган (2015).

Марказ UNAIDS, UNICEF, UNESCO, UNDP, WHO, USAID сингари халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга кўйган.

[addtoany]