Овқат ҳазм қилиш тизими

Овқат ҳазм қилиш тизими – одам ва ҳайвонлар организмида озиқ моддаларнинг қайта ишланиши ва ҳазм бўлишини таъминлайдиган аъзолар мажмуи. Кўпчилик бир ҳужайралилар (масалан, амёба)да овқат ҳазм қилиш тизими вазифасини овқат ҳазм қилиш вакуоллари бажаради. Бундан ташқари, айрим бир ҳужайралилар (масалан, туфелька)да озиқ кирадиган (оғиз, ҳалқум) ва озиқ қолдиқлари чиқадиган махсус тешичалар ҳам бўлади. Тубан кўп ҳужайралилар (масалан, ғовактанлилар, бўшлиқичлилар, ичаксиз турбеллариялар)да озиқ махсус ҳужайралар ичида ҳазм бўлади. Умуртқасиз ҳайвонлар овқат ҳазм қилиш тизими жуда хилма-хил. Энг оддий тузилган ҳайвонлар (бўшлиқичлилар, тароқлилар) овқат ҳазм қилиш тизими оғиз тешиги билан бошланадиган ва шу тешик билан тамом бўладиган гастрал бўшликдан иборат. Кўпчилик ҳайвонлар (немертиналар, тўгарак чувалчанглар, моллюскалар, ҳалқли чувалчанглар, бўғимоёқлилар)да овқат ҳазм қилиш тизими олдинги, ўрта ва орқа бўлимлардан ташкил топган бўлиб, оғиз ва анал тешик орқали ташқи муҳит билан боғланган. Одам ва умуртқали ҳайвонлар ҳазм системасининг тузилиши озиқланиш хусусияти ва шароитига боғлик. Овқат ҳазм қилиш тизими найининг олдинги қисми ихтисослашиб, оғиз бўшлиғи, ҳалқум ва қизилўнгачт ҳосил қилади. Оғиз бўшлиғида жағлар, тишлар, шилимшиқ ва сўлак безлари, тил ва бошқа(лар) жойлашади. Овқат ҳазм қилиш тизимининг ўрта қисми ҳисобидан ошқозон, ингичка ичак, жигар, ошқозон ости бези вужудга келади. Овқат ҳазм қилиш найининг кейинги қисми йўғон ичак, тўғри ичак ва анал тешикдан иборат. Қизилўнгач, ошқозон, ингичка ичак ва йўғон ичак биргаликда овқат ҳазм қилиш нйини ҳосил қилади; унинг девори шилимшиқ, сероз ва мушак қаватларидан ташкил топган. Эволюция жараёнида ҳайвонлар танасининг йириклашуви туфайли овқат ҳазм қилиш найи шилимшиқ қавати юзаси ҳар хил йўл билан (ичакнинг узайиб сиртмоқ ҳосил қилиши, бурмалар пайдо бўлиши, шилимшиқ қават ворсинкларининг ривожланиши, эпителийнинг ичак деворига ёки ичак бўшлигига ботиб кириши орқали) кенгайиб борган. Ана шу тариқа жуда кўп сонли майда (ичак девори) ёки йирик (жигар, ошқозон ости) безлар ҳосил бўлган. Овқат ҳазм қилиш найи шилимшиқ қавати остида ҳимоя вазифасини бажарадиган лимфоид фоликулалар жойлашган. Бу тизим қон ва лимфа томирлари билан таъминланган. Овқат ҳазм қилиш тизимининг функционал фаолияти мураккаб нейро-гумрал ва гормонал механизмлар орқали бошқарилади. Бу жараёнда овқат ҳазм қилиш тизимининг ўз гармонлари асосий аҳамиятга эга (яна қ. Нейро-гуморал регуляция, Гормонал регуляция).

[addtoany]