Облитерацияловчи эндартериит

Облитерацияловчи эндартериит [юн. endon – ичидаги ва артериялар], вини – Бартер касаллиги – оёқ артерияларининг яллиғланиши билан кечадиган сурункали касаллик. Бунда Томирлар аста-секин торайиб, бора-бора бутунлай бекилиб қолади, унинг қон билан таъминланиши издан чиқади. Оёқни совуқ олдириш, лат ёйиш, мия шикастланиши, чекиш, интоксикация, ҳаяжонланиш, толиқиш, периферик нервлар касаллиги, турли инфекциялар ва бошқа(лар) сабаб бўлади. 20-40 ёшдаги эркакларда кўпроқ учрайди. Облитерацияловчи эндартериитда оёқ тез толиқади, томир тортишади, кейинчалик оқсайдиган бўлиб қолади, эт увишиши, парестезиялар, қаттиқ оғриқ кузатилади. Тўқималар қон билан таъмиланишининг бузилишига қараб касалликнинг 4 даражаси фарқланади. 1-даражада оёқ бармоқлари совуқ қотади, увишади, тез толиқади, оёқ териси оқаради, сал узоқроқ юрганда оғриқ пайдо бўлади. 2-даражада юрганда оёқ оғрийди, оёқ тирноқлари мўрт бўлиб, тез синади. Оёқ артерияларида пульс сустлашади. 3-даржада бемор 20-30 қадам юрганда оёқда оғриқ зўраяди, оёқ териси оқаради, совуқ бўлади. Оёқ мушаклари атрофияси, кўпинча, трофик яралар кузатилади. 4-даражада оёқларда доимий оғриқ, шиш пайдо бўлади, трофик яралар, бармоқлар гангренаси тез ривожланади, касаллик зўрайганда бутун оёқ панжаси гангренага учрайди. Касалликнинг кечишига қараб чегараланган ва тарқалган шакллари тафовут қилинади. Чекиш, ичиш эндартериит кечишини оғирлаштиради, шунинг учун касалликни даволашда зарарли одатлардан воз кечиш, физиотерапия ва консерватив даво буюрилади. Булар наф бермаса, операция қилинади (Томирлар тикланади ёки оёқ кесиб ташланади).

[addtoany]