Обсервация [лот. observatio – кузатиш, назорат] – карантинга олинган юқумли касалликларга (ўлат, вабо, чинчечак) чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли вақтинча алоҳидалаб қўйилган кишилар устидан тиббий кузатув. Зарурат бўлганда О. бошқа юқумли касалликларга ҳам белгиланиши мумкин.
Обсервацияни санитария-эпидемиология хизмати амалга оширади. Обсервация муддати касаллик яширин даврининг энг узоқ муддатига (қ. Инкубацион давр) боғлиқ. Обсервация қилинадиган кишилар доим шифокор назоратида бўлади. Ҳар куни уларнинг ҳол-аҳволи сўраб чиқилади, кўздан кечирилади, тана ҳарорати ўлчанади, зарур бўлса, тегишли текширувлар ўтказилади, шошилинч махсус профилактика қилинади. Тиббий кузатувдаги кишиларга меҳнатга қобилиясизлик варақаси берилади. Обсервацияда транспорт воситалари ва юкларга ишлов бериш (дезинфекция, дезинсекция, дератизация) ҳам кўзда тутилади.
[addtoany]