Овқат ҳазм қилиш

Овқат ҳазм қилиш – одам ва ҳайвонлар организмида овқатнинг механик ва кимёвий қайта ишланиш жараёни, бунда озиқ моддалар сўрилиб ҳазм бўлади, парчаланиш маҳсулотлари ва ҳазм бўлмай қолган моддалар эса организмдан чиқарилади. Овқат ҳазм қилиш натижасида мураккаб кимёвий моддалар организм осон ўзлаштира оладиган оддий моддаларга айланади. Овқат ҳазм қилишнинг ҳужайра ичида ва ҳужайрадан ташқарида содир бўладиган хиллари бор. Ҳужайра ичида овқат ҳазм қилиш (И. И. Мечников кашф этган) бир ҳужайралилар, айрим тубан кўп ҳужайралилар, юксак кўп ҳужайралиларнинг айрим ҳужайралари (лейкоцитлар, мононуклеар фагоцитлар ва бошқалар) учун хос. Бу жараёнда ҳужайра озиқ моддаларни фаол ютиб, цитоплама ферментлар ёрдамида ҳазм вакуолалари ичида парчалайди.

Ҳужайра ташқарисида овқат ҳазм қилиш одам ва кўпчилик ҳайвонлар учун хос бўлиб, асосан, ошқозон-ичак тизими бўшлиғида содир бўлади (қ. Овқат ҳазм қилиш тизими). Ҳужайра ташқарисида овқат ҳазм қилиш мембранада, яъни ичак деворида ва ичак бўшлиғида рўй беради, мембранада овқат ҳазм қилиш одамлар, барча умуртқалилар ва кўпчилик умуртқасизлар учун хос бўлиб, ичак ворсикалари ҳужайралари мембранасида жойлашган ферментлар ёрдамида амалга оширилади.

Ҳужайрадан ташқари (бўшлиқларда), ҳужайра ичида ва ҳужайра мембранасида (ҳужайра ташкариси билан ҳужайра ичи ўртасидаги чегарада) овқат ҳазм қилиш фарқ қилинади. Аксарият ҳайвонларда 2 хил (ҳужайра ичида ва ҳужайра ташқарисида) ҳазм бир-бирини тўлдиради. Кўпчилик умуртқали ҳайвонлар ва Одамда овқат ҳазм қилиш оғиз бўшлиғидан бошланади. Бу ерда овқат чайналиб майдаланади, сўлак билан аралаштирилади ва ҳўлланиб, озиқ луқмаси ҳосил бўлади. Асосий овқат ҳазм қилиш суюқликлар (сўлак, меъда, меъда ости бези ва ичак шираси, сафро) ферментлари таъсирида овқат кимёвий ишланади. Айрим ҳайвонларда сўлак таркибидаги ферментлар (Одамда амилаза) таъсирида овқат таркибидаги карбонсувлар парчаланади. Овқат ютилиб, томоқ ва қизилўнгач орқали меъдага тушади. Меъдада овқатнинг майдаланиши ва карбонсувларнинг парчаланиши давом этади; протолитик ферментлар таъсирида оқсилларнинг парчаланиши бошланади. Айрим ҳайвонлар ва қушларда озиқ меъда (ошқозон)га тушишдан олдин жиғилдонда йиғилади. Яхши эзилган ва қисман ҳазм бўлган озиқ ошқозондан оз-оздан ингичка ичакка ўтади. Ингичка ичакдаги овқат ҳазм қилиш жараёнида озиқ моддалар ошқозон ости бези ва ичак шираси ҳамда ўт суюқлиги иштирокида ҳужайрадан ташқарида, яъни ворсинкалар мембранасида парчаланиб, ҳазм қилиш ва сўрилиш тугалланади. Йўғон ичакка ингичка ичак ферментлари, йўғон ичакнинг ўзи ва бактериялар ишлаб чиқарадиган ферментлар таъсирида карбонсувлар бижгийди, оқсиллар чирийди; сув ва унда эриган моддалар қонга шимилиб, ахлат массаси шаклланади. Йўғон ичакда ахлатнинг тўпланиши дефекацияга олиб келади.

Овқат ҳазм қилиш нейро-гуморал регуляция орқали амалга ошади. Ҳазм жараёнига овқат ейиладиган шароит, овқатнинг кўриниши, миқдори, таркиби ва бошқа(лар) омиллар таъсир қилади. Ҳазм физиолгиясини ишлаб чиқишда рус олими И. П. Павлов ва унинг шогирдлари катта ҳисса қўшган.

[addtoany]