Онг

Онг – психик фаолиятнинг олий шакли. У фақат инсонга хос феномендир. Онг, унинг моҳияти масаласи энг қадимий муаммолардан бири. Онгни дастлаб диний ва мифологик қарашлар доирасида тушунтиришга уринганлар. Уни диний тушунтириш уни илоҳий ҳодиса, худо яратган мўъжиза тарзида талқин қилишга асосланади. Кўпгина динларда инсон онги буюк илоҳий ақлнинг намоён бўлиш шакли тарзида тавсифланади. Бундай карашларнинг илдизи жуда қадимий бўлса-да, улар ҳамон ўзининг кўплаб тарафдорларига эга. Кимки олам ва одам яратилганлигини тан олар экан, онг ҳам яратганинг қудрати деб ҳисоблайди.

Онгнинг моҳиятини изоҳлашда 2-йўналиш – бу онг моддий одамни инсон миясида акс этиши деб тушуниш, уни инсон танаси фаолияти билан боғлаб талқин этишдир. Айни вақтда, материалистик йўналиш номини олган бундай ёндашувлар доирасида онгнинг моҳиятини бузиб талқин қилиш ҳоллари ҳам пайдо бўлди. Вульгар материализм деб ном олган оқим намоядаларининг фикрича, худди жигар сафрони ишлаб чиқаргани каби, мия ҳам О. ни ишлаб чиқарар эмиш. Бундай ёндашув натижасида О. идеал эмас, моддий ҳодиса деган хулоса келиб чиқади. Ваҳоланки, сафрони кўриш мумкин, аммо О. ни кўриб ҳам, ушлаб ҳам бўлмайди. Аслида О. тарихи инсоннинг инсон бўлиб шакллана бошлаши тарихи билан боғлик. Инсон ҳам биологик, ҳам ижтимоий мавжудот экан, демак, О. ҳам биологик ва ижтимоий тараққиёт маҳсулидир. Онг инсоннинг фикр ва ҳислари, сезгилари, тасаввурлари, иродаси ва қарашлридан ташкил топган. Ўз-ўзини англаш, хотира, ирода, нутқ О. нинг асосий жиҳатларидир.

Ҳоз. замон фани О. материянинг узоқ давом этган эволюциясининг натижаси эканлигини тан олади. Материя, табиат ҳамма вақт мавжуд бўлиб келган, инсон эса моддий дунёнинг нисбатан сўнгги тараққиётининг маҳсулидир. Материя тараққиёти, фикрлай оладиган инсоннинг пайдо бўлиши учун бир неча миллион йиллар керак бўлган. Онг табиат тараққиёти маҳсули, материянинг хоссасидир, барча материянинг эмас, балки олий даражада ташкил топган материянинг, яъни инсон миясининг маҳсулидир. Лекин унинг бўлиши учун миянинг ўзигина бўлиши етарли эмас. Онг инсонни қуршаб турган табиий ва ижтимоий муҳит билан чамбарчас боғланган ва шу муҳитнинг таъсирида фаолият кўрсата олади.

Ҳоз. замонда мураккаб ижодий жараёнларни ҳам амалга оширувчи электрон машиналар яратилган, лекин улар О. нинг ўрнини боса олмайди, чунки у ўта мураккаб объектив мажудликдир.

Загрузка...