Организмнинг реактивлиги

Организмнинг реактивлиги – организмнинг ташқи муҳит таъсирига жавобан ҳаёт фаолиятини ўзгартириб реакция кўрсатиши. Юксак ҳайвонларда равшанроқ, нерв тизими оддий тузилган организмларда камроқ билинади. Организмнинг реактивлиги организм генотипидан келиб чиқади ва турга хос белги ҳисобланади. И. П. Павлов олий нерв фаолияти ва унинг типларига баҳо беришда «реактивлик» атамасини татбиқ этган. Клиник тиббиётда беморнинг аҳволига умумий баҳо беришда организмнинг реактивлиги атамаси ишлатилади. Ички ва юқумли касалликлар клиникасида, масалан, пневмония, сил, дизентерия ва бошқа(лар) касалликларнинг реактив (гиперергик) ва кам реактив (аллергик, гипоэргик) шакллари тафовут қилинади. Тез, оғир ўтадиган касалликларни реактив шаклларга, суст, билинар-билинмас ўтадиган касалликларни эса кам реактив шаклларга киритилган.

Хирургияда жароҳатнинг турлича битиши, сепсис, перитонит ва бошқа(лар) касалликларнинг ҳар хил ўтиши организмнинг реактивлигининг ўзгаришига боғлик. Жароҳатнинг тез битиши, бир талай қизил грануляция пайдо бўлиши, мукаммал эпителий ривожланиши организмнинг реактивлигининг юксак даражада эканлигини кўрсатади.

Организмнинг реактивлигининг биологик (турга хос), гуруҳли ва шахсий турлари бор. Ҳайвонларнинг муайян турига хос физиологик ва патологик рактивликнинг энг характерли хусусиятлари биологик реактивликка киритилади. Гуруҳли реактивлик биологик реактивлик асосида шаклланади. Шахсий реактивлик шахснинг конституцияси, жинси, ёши, яшаш шароитига боғлик. Бола ўсган сайин организмнинг реактивлиги такомиллашиб боради.

Ғоят зарарли омиллар таъсир этганда патологик реактивлик рўй беради. Масалан, ҳомиладорлик токсикозларининг баъзи шаклларида О. р. аллергик типда ўзгаради. Патологик реактивлик кўпгина касалликлар (ревматизм, гипертония касаллиги, бронхиал астма ва бошқа(лар)) патогенезида муҳим роль ўйнайди.

Загрузка...