Оториноларингология [ото…, юн. rhis – бурун, larynx – томоқ ва ..логия], ларингооторинология (ЛОР) – қулоқ, бурун ва томоқ ҳамда унинг атрофидаги аъзолар касалликларини ўрганадиган фан. Эшитув физиологияси, унинг бузилиши ва шунга алоқадор касалликларни ўрганиш (аудиология), овоз физиологияси, унинг ўзгариши ва бу ўзгаришларни келтириб чиқарган касалликларни ўрганиш (фониатрия), қулоқ оғир бўлиб қолиши, карлик сабабларини ўрганиш (сурдология) ҳам оториноларингологияга киради. Нормал ва патологик шароитда ички қулоқ (асосан, лабиринт)нинг бош миянинг турли бўлимлари билан алоқасини ўрганадиган соҳа отоневрология деб аталади.
Оториноларингология 19-а. ўрталарида хирургия ва терапидан мустақил соҳа сифатида ажралиб чиққан. Собиқ Иттифоқда 1922 й. дан оториноларингология тиббиёт ин-тларида мустақил фан сифатида ўқитила бошлади, илмий текшириш институтлари ташкил этилди. Ўзбекистонда бу соҳадаги тадқиқотлар дастлаб Ўрта Осиё ун-тида проф. С. Ф. Штейн томонидан 1920 й. да ташкил қилинган кафедрада олиб борилди. Ўрта қулоқнинг ўткир ва сурункали яллиғланиши, унинг асоратларини аниқлаш, карликни даволаш усуллари устида тадқиқотлар ўтказилди (Қ. Ж. Миразизов, А. И. Мўмнов, A. Н. Дадамуҳамедов, Ғ. Қ. Иброҳимов, С. А. Ҳасанов, К. А. Хўжаев, A. М. Ҳакимов). Ҳоз. ҳиқилдоқнинг ўткир ва сурункали яллиғланиши, хавфли ва хавфсиз ўсма касалликларини аниқлаш, даволаш муаммолари устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг оториноларингология кафедраси қошида қулоқ ва юқори нафас йўллари фаолиятини микрохирургик усулда тиклаш маркази, эшитиш қобилиятини қайта тиклаш маркази ва фониатрия илмий-амалий маркази ташкил этилганлиги бу соҳадаги илмий текшириш ишлари кўламининг кенгайишига олиб келди. Ўзбекистондаги барча тиббиёт ин-тларида оториноларингология фан сифатида ўқитилади.
[addtoany]