Ўлик туғилиш – ҳомиланинг ўлик туғилиши; ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасидан кейинги даврларда рўй беради, туғилган бола бирор марта ҳам нафас олмай нобуд бўлади; бунда ҳомиланинг бўйи 35 см ва вазни 1000 г дан кам бўлмайди. Ўлик туғилишга яшашга лаёқатсиз ҳомиланинг туғилиши (кечикиб бола тушиши) кирмайди (қ. Аборт). Бир неча тури фарқланади: антенатал ўлик туғилишда ҳомила ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасидан бошлаб туғруққача, интрнаталда эса туғруқ пайтида ўлади. Постнатал ўлик туғилишда ҳомила юраги уради-ю, аммо атмосфера ҳавосидан нафас олмай нобуд бўлади. Ўлик туғилиш, кўпинча, сурункали инфекциялар (токсопламоз, сил, захм ва бошқа(лар)), шунингдек, ҳомиладорлик даврида ўткир инфекцион касалликлар (ангина, грипп, пневмония) билан оғриган аёлларда, ҳомиладорлик токсикозлари, юрак-томир тизими етишмовчилиги оқибатида она ва ҳомила қонининг резус-фактор жиҳатидан мос келмаслиги ва бошқа(лар)да кузатилади. Йирик (5 кг дан ортиқ) ҳомила, тор чаноқ, ҳомила бошининг нотўғри ётиши, туғруқнинг нотўғри бошқарилиши ва бошқа(лар) ҳам Ў. т. га сабаб бўлиши мумкин.
Ўлик туғилишнинг олдини олиш учун ҳомиладор аёллар доим шифокор назоратида бўлиши, Ў. т. хавфи бўлса, дарҳол уни аниқлаш ва олдини олиш тадбирларини амалга ошириш лозим.
[addtoany]