Паротит [пора… ва юн. otos – қулоқ], тепки – қулоқ олди сўлак безининг яллиғланиши. Эпидемик бўлмаган паротит ва эпидемик паротит фарқланади. Ўткир эпидемик бўлмаган паротит кўпроқ катта ёшдаги кишиларда кузатилади ва юқумли касалликлар (тиф, дизентерия ва бошқа(лар)), оғир операциялар, безларнинг зарарланиши, стоматит ва бошқа(лар) оқибатида пайдо бўлади, кўпинча, стафилококклар кўзғатади. Касаллик бошланишида сўлак безлари шишиб, қаттиқ бўлиб қолади, оғиз қақрайди, пастки жағнинг ҳаракатланиши қийинлашади. Тана ҳарорати кўтарилиб, без йўлидан йиринг ажралади. Баъзан юз нерви зарарланиб неврит пайдо бўлиши, без массасининг некрозга учраши, абсцесс вужудга келиши ва бошқа(лар) асоратлар қолиши мумкин. Касаллик, асосан, 10-15 кунда тузала бошлайди ёки қайталаб турадиган сурункали шаклга ўтади.
Давоси. Шишни қайтарувчи дори-дармонлар, антибиотиклар, парҳез буюрилади, абсцесс ҳосил бўлганда операция қилинади.
[addtoany]