Перикардит

Перикардит – пердикарднинг яллиғланиши. Одамда (ҳамма ёшдаги кишиларда) ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир перикардит, кўпинча, ревматизм, шунингдек, ўпканинг крупоз яллиғланиши, грипп, ангина, сепсис каби юқумли касалликлар туфайли рўй беради (инфекцион перикардит). Миокард инфаркт, уремия, кўкрак жароҳатланганда ҳам перикардит пайдо бўлиши мумкин (ноинфекцион перикардит). Сурункали перикардит сил касаллиги оқибатида келиб чиқади, кўпинча, плевра ва қорин пардасининг бир вақтда яллиғланиши билан ўтади. Юрак халтасида суюқлик бор-йўқлигига қараб П. нинг қуруқ, экссудатли ва ёпишқоқ (облитератив) шакллари фарқ қилинади. Қуруқ П. да перикард-да ишқаланишга ўхшаш товуш эшитилади. Тана ҳарорати бироз кўтарилиб, юракдаги оғриқ унинг атрофига ва орқага тарқалади. Бемор йўталганда, нафас олганда оғриқ зўраяди. Экссудатив П. серозли, йирингли, геморрагик бўлиши мумкин. Бунда бемор ўнг ковурғаси остида кучли оғриқ сезади, нафаси қисилиб, энтикади, жигари шишади. Кўпинча, беморнинг юзи керкиб, бўйин томирлари кенгаяди. Ёпишқоқ П. да, аксарият, перикарддаги суюқлик сўрилгач, перикарнинг ички ва ташқи варақлари бир-бирига ёпишиб қолади. Бунда юрак орқали қон айланиши бузилади.

Давоси: Яллиғланишга сабаб бўлган асосий касалликка қарши дорилар берилади. Йирингли, экссудатли П. да антибиотиклар буюрилади. Перикардда суюқлик кўп бўлса, игна санчиб тортиб олинади. Ёпишқоқ П. операция қилиб даволанади.

[addtoany]