Пневмоторакс

Пневмоторакс [юн. pneuma – ҳаво, нафас ва thorax – кўкрак] – плевранинг висцерал (ички) ва париетал (ташқи) варақлари оралиғига ҳаво тўпланиши; патологик ҳолат. Пневмоторакс бир томонлама ёки икки томонлама, тўпланган ҳавонинг миқдорига қараб қисман ёки тўлиқ (тотал) бўлиши мумкин, бунда ўпка қисман ёки тўлиқ пучаяди (коллапс ҳолатига келади). Очиқ, ёпиқ ва клапанли пневмоторакс ажратилади. Агар нафас олганда ҳаво плевра бўшлигига эркин кирса ва нафас чиқарганда эркин чиқса, очиқ пневмоторакс; плевра бўшлигига ҳаво кирган тешик беркитиб қолса ва ҳаво ташқарига чиқа олмаса, ёпиқ пневмоторакс дейилади. Нафас олганда ҳаво плевра бўшлигига кирса-ю, нафас чиқарганда бирор сабаб билан чиқмаса плевра бўшлиғида ҳаво босими ортиб боради, бу клапанли ёки винтелли пневмоторакс деб аталади.

Келиб чиқишига кўра, травматик, операцион, спонтан ва сунъий пневмоторакс фарқланади. Травматик пневмоторакс кўкрак қафаси ёки ўпка тўқимаси шикастланиши натижасида, операцион П. кўкрак қафаси аъзоларида хирургик муолажалар ўтказилганда вужудга келади. Спонтан П. ўз-ўзидан, ҳеч бир сабабсиз кўкрак қафаси ва ўпка тўқималарида жароҳатсиз плевра бўшлиғида ҳаво тўпланиши билан кечади. Лекин ҳар бир ҳолда ҳам ўпкада кам ифодаланган ўзгаришлар пайдо бўлиши исботланган. Спонтан П. кўпроқ 20-40 ёшли эркакларда, аёлларга нисбатан кўпроқ учрайди. Кўпинча, спонтан П. ўткир ёки ўртача ўткир тарзда кечади. Тўлиқ соғлом вақтида физик зўриқиш таъсирида, йўтал хуржидан кейин тўсатдан кўкрак кафесида кучли оғриқ, ҳансираш, қуруқ йўтал, юрак уриши, баъзан цианоз пайдо бўлади. Клапанли П. касалликнинг энг оғир шакли бўлиб, унда нафас ва юрак фаолияти бузилади; нафас етишмаслиги, оғриқ ва цианоз рўй-рост ифодаланади. Бемор талваса ҳолатига тушади, нафас олиш тез ва юзаки бўлади.

Пневмоторакс диагнози кўкрак қафасини физикал текшириш, плеврани пункция қилиш ва рентгеноскопия тахдилларига кўра аниқланади. Бемор, асосан, касалхонада даволанади. Консерватив даво наф бермаса, хирургик усул қўлланади.

[addtoany]